Уруғлик донни дорилаш ишлари қатъий назоратда
Уруғлик дон. Бу келгуси йил ҳосилини белгилаб берувчи мезон.
Маълумки, келгуси йил ҳосилининг баракали бўлишида уруғлик доннинг сифатли ҳамда талаб даражасида сақлангани муҳим аҳамият касб этади. Жорий йилда Навоий вилоятида 2022 йил ғалла ҳосили учун 9 минг 717 тонна уруғлик дон жамғарилди.
Вилоятда уруғлик дон тайёрлаш режаси 9717 тонна бўлиб, унинг 3002 тоннаси “Навоийдонмаҳсулотлари” акционерлик жамиятининг 1-сонли уруғлик цехида, 6274 тоннаси корхонанинг 2-сонли уруғлик цехида, қолган уруғлик дон эса “Кармана Элита уруғчилик хўжалиги”, “Қизилтепа Элита уруғчилик хўжалиги”, “Хатирчи Элита уруғчилик хўжалиги” масъулияти чекланган жамиятларида жамғарилган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси вилоят бошқармаси инспекторлари “Навоийдонмаҳсулотлари” АЖ да бўлиб, уруғликларни сақлаш бир хилда ташкил этилганлиги, омборларда уларни сақлаш талабларига қай даражада риоя этилиши устидан назорат олиб борди.
– Назорат тадбири давомида уруғлик донлардан намуналар олиниб, уларнинг уруғлик донга қўйилган талабларга жавоб бериши аниқланди, – дейди инспекция вилоят бошқармаси бош инспектори Аббос Ризоқулов. – Уруғлик дон 2-3 мартадан таҳлил қилиб кўрилди. Уларни янада сифатли дорилаш, таркибида бегона аралашмаларни рухсат этилган меъёрдан ошмаслиги бўйича масъул ходимларга кўрсатмалар берилди. Корхонада 2022 йил ҳосили учун жамғарилган уруғлик дон касаллик ва зараркунандаларга қарши “Баҳор” кимёвий препарати билан дориланмоқда.
Бугунги кунда бир кунда 224 тонна, мавсум бошидан буён эса 1798 тонна уруғлик донни тозалаш-саралаш ишлари олиб борилди. Жумладан, “Навоийдонмаҳсулотлари” АЖ нинг 1-сонли уруғлик цехида 589, 2-сонли уруғлик цехида эса 1209 тонна дон дориланди.
Уруғлик донларни нав ва авлодлар бўйича дорилаш ишларининг сифатли бажарилиши келгуси йилда мўл ҳосил олишда муҳим аҳамият касб этади. Уруғлик цехларида эса келгуси йилга экиш учун ишлатиладиган донга бегона аралашмалар аралашиб кетишининг олдини олиш ва сифатли дориланиши бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олиниб, доимий назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА