Уруғлик дон етиштириш бўйича семинар
Навоий вилояти Кармана туманида жойлашган “Шаҳноза” фермер хўжалигида уруғлик ғалла етказиб берувчи хўжаликлар раҳбарлари, вилоят ҳамда туман апробатор ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида уруғлик ғалла етиштирилаётган майдонларни апробация кўригидан ўтказиш юзасидан амалий ўқув- семинар ташкил этилди.
Унда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Санъатилло Ҳикматов ва бошқалар 2023 йилда ғалла ишлаб чиқариш якунлари ҳамда ғалла уруғчилигида йўл қўйилган хато ва камчиликлар, уруғлик ғалла майдонларида дала апробация кўригини тўғри ўтказиш, уруғлик ғалла етиштириш ва қайта ишлаш мавсумида давлат андозаси талабларининг бажарилишини таъминлашда соҳага алоқадор ходимларнинг стандарт талабларига қатъий риоя қилишлари лозимлигини таъкидлади.

– Вилоятда 2024 йил ҳосили учун 81 нафар тендир танловидан ғолиб деб топилган уруғлик ғалла етиштириб берувчи субъектларнинг жами 2619 гектар ер майдонида уруғлик буғдой парваришланмоқда, – дейди Агроинспекциянинг вилоят бошқармаси шуъба бошлиғи А.Мирзоев. – Айни пайтда ўтказилган мониторинг ўрганишлар натижасида 80 та хўжаликнинг 2547 гектар уруғлик ғалла майдонлари апробация кўригидан ўтказиш учун тайёрланди.

Семинар давомида иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири