Уруғчиликда Хитой билан ҳамкорлик ривожланмоқда
Пойтахтимизда Уруғчиликни ривожлантириш маркази директори Бунёд Мамараҳимов Хитой қишлоқ хўжалиги фанлари академияси маъсул ходимларидан иборат делегация аъзолари билан учрашув ўтказди.
Дастлаб, Бунёд Мамараҳимов Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқ йиллик ҳамкорлик алоқаларини эътироф этиб, айни вақтда амалий ҳамкорликлар мамлакатларимиз илм-фан ва иқтисодиётига наф келтираётганини таъкидлаб ўтди.


Учрашувда қайд этилганидек, ўтган йили давлатимиз раҳбари қарори билан республикада жами пахта экиладиган майдоннинг 10 фоизида хорижий ғўза навлари экилиб, Шинжон агротехнологияси асосида етиштирилди. Яна 10 фоиз майдонда маҳаллий навларимиз ҳам Шинжон услубида экилиб, натижалар аввалги йил билан қиёсий таққосланди.
Жорий йилда маҳаллий ғўза навлари ҳамда кўсак қуртига чидамлиликни таъминловчи хорижий ғўза навларининг уруғчилигини ташкил этиш бўйича Хитой давлати билан илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари бўйича музокара ўтказилди.


Шунингдек, учрашувда кўсак қуртига чидамли ўсимликка Bacillus thuringiensis (Bt) тупроқ бактериясининг генетик материалини ўтказиш орқали эришиладиган натижалар, ҳашарот ва зараркунандаларга токсик таъсир кўрсатадиган, бироқ сут эмизувчилар ва мақсадли бўлмаган организмларга зарарли таъсир қилмайдиган оқсилларни қандай кодлаши хусусида муҳокамалар олиб борилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА