Ургутга янги автобуслар келтирилди
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлигининг матбуот хизматидан хабар қилишларича, Ургут тумани қишлоқларидан туман маркази ёки бошқа шаҳарларга бориб-келиш учун йўловчиларга қулай шароитлар яратиш мақсадида “Автотранс Ургут” давлат унитар корхонаси ташкил этилди ва автобуслар сотиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлигининг матбуот хизматидан хабар қилишларича, Ургут тумани қишлоқларидан туман маркази ёки бошқа шаҳарларга бориб-келиш учун йўловчиларга қулай шароитлар яратиш мақсадида “Автотранс Ургут” давлат унитар корхонаси ташкил этилди ва автобуслар сотиб олинди.
Қайд этиш керакки, Ургут тумани Самарқанд вилоятининг аҳолиси энг кўп бўлган туманларидан бири бўлиб, шу кунга қадар бирорта ҳам йўналишда автобус қатнови мавжуд бўлмаган. Бу йўловчиларнинг манзилларига етиб олишларида қатор муаммоларни келтириб чиқараётган эди.
Туман аҳолиси билан бир неча маротаба ташкил этилган сайёр қабуллар давомида билдирилган таклифлар ва мурожаатлар асосида янги йўналишларда автобус қатновлари йўлга қўйиш режаси ишлаб чиқилди. Айнан ушбу режага мувофиқ “Автотранс Ургут” давлат унитар корхонаси ташкил этилди ва 60 дона ISUZU русумли автобус сотиб олинди.
Харид қилинган янги 60 дона автобус Ургут тумани аҳолиси учун хизмат кўрсатадиган 17 та йўналишларга 2020 йилнинг январь ойидан эътиборан босқичма-босқич жойлаштирилади. Шундан, янги ташкил этиладиган 5 та йўналиш Ургут тумани марказини бевосита Самарқанд шаҳри билан боғлайди. “Ургут шаҳри-Сиёб АББ”, “Ургут АББ-Баҳрин-Сиёб АББ”, “Ургут АББ-Совғон-Тароқли-Сиёб АББ” кабилар шулар сирасидандир.
Самарқанд вилоятида аҳолига кўрсатилаётган автотранспорт хизматлари сифатини ошириш, йўловчиларни ўз вақтида манзилларига етказиб қўйиш борасида жорий йилда бир қатор ишлар амалга оширилди. 2019 йилнинг ўтган даврида вилоятда 10 янги автобус йўналишлари, шундан 1 та шаҳар, 8 та шаҳар атрофи ва 1 та шаҳарлараро автобус йўналишлари очилди.
Ургут ва Нуробод туманларида янги автостанция қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар 130 дан ортиқ автобус сотиб олди. Шаҳар ва туманларда Транспорт вазирлиги 30 та оралиқ бекат қурди.