Одат – бу ҳар қандай ижтимоий гуруҳ ёки жамиятда такрорланадиган ва унинг аъзолари учун одатий ҳолга айланган хатти-ҳаракатлар.
Одат муайян вазиятдаги ҳаракатларнинг батафсил схемасига асосланади. Масалан, оила-аъзоларига қандай муносабатда бўлиш, низоларни қандай ҳал қилиш, қандай қилиб бизнес муносабатларини қуриш ва бошқалар. Эскирган одатлар кўпинча вақт ўтиши билан замонавий талабларга мос равишда янгилари билан алмашади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади.
Бугунги кунда ҳуқуқнинг асосий манбаларидан бири сифатида одатлар ҳам кўрсатиб келинади. Ҳуқуқий одатларнинг шаклланиши кўп йиллик тажриба натижасида юзага келади (ва бу билан улар ёзма ҳуқуқдан сезиларли фарқ қилади). Масалан, Кавказ халқлари ўртасида ҳуқуқ тизимининг яратилишига нафақат Россия қонунчилиги ва шариат меъёрлари, балки тоғлиларнинг кўп асрлик анъаналари ҳам катта таъсир кўрсатди.
Қонунчилигимизда ҳам айнан шу каби миллий урф-одатларимизни ўзида акс эттирувчи нормалар амалга татбиқ этилганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Оила қонунчилигига кўра, қонун ҳужжатларида оилавий муносабатларни тартибга солишга оид тегишли нормалар бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тамойилларига зид бўлмаган маҳаллий урф-одат ва анъаналар қўлланилади. Қолаверса, оила қонунчилигини тартибга солувчи барча қонун ҳужжатларида урф-одатларнинг яққол намунасини кўришимиз мумкин. Ота-онанинг ўз фарзандалари олдидаги мажбуриятлари, вояга етган фарзандларинг ўз ота-оналари олдидаги мажбуриятлари, никоҳ тузишда ҳар икки томоннинг розилиги каби ҳолатларда миллий урф-одатлар акс эттирилган.
Қолаверса, фуқаролик қонунчилигида ҳам тегишли нормалар бўлмаган тақдирда, бу муносабатларни тартибга солишда маҳаллий одат ва анъаналар қўлланилади. Шунингдек, фуқаролик қонунчилигининг битимларни тузишда, мажбуриятларни бажаришда, мол-мулкни мерос орқали олишда, фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплашда ва бошқа ҳолатлар халқимиз томонидан доим амал қилиб келинаётган одатлар қонун нормаси билан мустаҳкамланган.
Шунингдек, жамиятда ёши катталарни эъзозлаш, уларнинг фикрини эшитиш ҳамда катта тадбирларни уларнинг маслаҳатлари билан ташкил қилиш алоҳида урф-одат саналади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сантябрдаги “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш тўғрисида”ги қарори билан маҳалладаги муаммоларни ҳал этиш, миллий урф-одат, анъана ва маросимларни ташкил этиш ҳамда ўтказишда йўл-йўриқ кўрсатиш мақсадида «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари ташкил қилинди.
Ушбу гуруҳнинг асосий мақсадларидан бири – бу лоқайдлик, оилавий келишмовчиликлар ва ёшлар ўртасида «оммавий маданият» кўринишидаги салбий иллатлар тарқалишининг олдини олиш, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдир.
Миллий урф-одатларимизнинг кўрки саналган тўй-ҳашамларни ўтказиш юзасидан бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Унда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солишда ижтимоий адолат ва қонунийлик, миллий урф-одат ва қадриятларга содиқлик, бошқа дин ва миллат вакилларининг урф-одатларини ҳурмат қилиш ҳамда жамоатчилик фикрини инобатга олиш тамойилларига риоя этилган.
Хусусан, жамиятда “таъзия уч кун” деган гап бор. Айнан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кенгашининг ва Сенат кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги қўшма қарорига асосан, дафн этиш ва мотам маросимлари кўпи билан уч кун мобайнида ўтказилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Бошқа томондан, давлат томонидан қабул қилинган қонунлар ҳамда уларда келтирилган умуммажбурий тусга эга бўлган нормаларга фуқаролар томонидан доимий равишда амал қилиб келиниши уларнинг ўзига хос одатга айланганлигидан далолат беради. Хусусан, бугунги кунда никоҳланувчи шахслар давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида тиббий кўрикдан ўтаказилиши одатга айланди.
Қолаверса, ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи ҳам одат тусига кирган.
Ушбу мисоллардан тушунишимиз мумкинки, давлат томонидан фуқароларга ҳуқуқ сифатида қайд этилган муносабатни ихтиёрий ва доимий тарзда амал қилиниб келиниши шу қонуннинг одатга айланганлигидан далолат беради.
Шунга қарамай, урф-одатлар билан қонун нормалари бир-бирига мос келмай қолган тақдирда, кўпинча фуқаролар урф-одатларга амал қилишни афзал кўришади.
Қонун ва урф-одат қоидаларини солиштиришда асосий муаммолардан бири уларнинг кучи, бу қоидалар қўлланиладиган шахслар томонидан қай даражада қабул қилиниши ва уларга риоя этилишини таҳлил қилишдир.
Бу каби ҳолатларни қуйидагича таснифлаш мумкин:
Биринчидан, фуқароларнинг ҳуқуқий билимлари етишмаслиги боис атрофдагиларнинг хатти-ҳаракатларини ўзи учун тўғри деб билади. Иккинчидан, ҳуқуқ нормалари мураккаб тузилишга эга бўлиб, нормаларда кўрсатилган атамалар, тушунчалар фуқаролар англаб етиши учун қийин бўлиши мумкин. Урф-одатлар оғиздан-оғизга, катталардан кичикларга содда кўринишда етказиб келинади.
Учинчидан, айрим фуқаролар конунда кўрсатилган тартибларни яхши англаб етган бўлсада, уларда йиллар давомида шаклланиб келган қарашлардан воз кечиш мураккаб кечиши мумкин. Яъни, инсонлар онгига ёшликдан бирор ҳаракатни бажариш номақбул эканлиги уқтирилади ҳамда ушбу ҳолат доим такрорланиб келади.
Тўртинчидан, қонун нормалари талабларини бажармаслик бир марталик жавобгарликни келтириб чиқаради, аксинча жамиятда белгиланган урф-одатларни бажармаслик кишилар ўртасида кўп вақт муҳокамага сабаб бўлади ва ушбу ҳолат такрорланиб туради.
Бешинчидан, қонунларга доим амал қилиб келиш инсонларга доим рағбат олиб келтирмаслиги мумкин, урф-одатларга узлуксиз амал қилиш кишининг жамиятдаги обрў-эътиборини юксалтиради.
Урф-одат ва ҳуқуқий меъёрларни тавсифловчи ўхшашлик ва фарқларни таққослашда ҳар бир киши ўзининг турли соҳаларида бажарадиган ижтимоий функцияларни ўрганиши муҳим аҳамият касб этади.
Қонунларни қабул қилишда жамиятда қўлланиб келинаётган урф-одатларни инобатга олган ҳолда қабул қилиш ҳамда аҳоли ўртасида қонунларни билиш даражасини ошириш, фуқаролар ўртасида қонунларга ҳурмат ҳамда риоя этиш маданиятини оширишга улкан ҳисса қўшади.
Севара Ўринбаева,
Адлия вазирлиги масъул ходими,
ЎзЖОКУ 1-босқич магистранти.
ЎзА