Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманидаги «Рамуз» фермер хўжалигида ғалла етиштириш ҳажми ошиб бормоқда. Мисол учун, 2019 йил 30 гектар ғалла майдонидан 13,8 центнер, 2021 йилда 52,6 гектар ғалла майдонидан 40 центнердан ҳосил олинди. Ҳосилдорлик ўтган 3 йилда 20 центнерга ошгани ҳисоб-китобларда яққол кўриниб турибди.
Ердан унумли фойдаланиш эвазига ҳосилдорлиги йил сайин ортаётган бу каби фермер хўжаликлари сони юртимизда йилдан йилга ортиб бормоқда. Аслида ҳам мамлакатимиз аграр тармоғида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида пахта, ғалла, боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш, соҳада янги, истиқболли навларни яратиш, қайта ишлаш ва унинг экспортини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳақиқат ҳисоб-китобларда янада яққол намоён бўлади. 2017 йилда қишлоқ хўжалиги экинлари, боғлар ва токзорлар майдони 3 миллион 766 минг 100 гектар бўлиб, шундан мева резаворлар майдони 336 минг 600 гектар, токзорлар майдони 113 минг 300 гектарни ташкил этди. 2021 йилда эса боғ ва токзорлар майдони 3 миллион 918 минг 300 гектардан ошди. Шундан, резавор мевалар майдони 359 минг 800 гектар, токзорлар майдони эса 138 минг
900 гектарга етказилди.
Гувоҳ бўлганингиз каби қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни фойдаланишга киритиш учун сезиларли даражада ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2017 йилда 2 миллион 853 минг 900 тонна пахта етиштирилган бўлса, қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиққан ерларни фойдаланишга киритиш натижасида 2020 йилда бу кўрсатгич 3 миллион 64 минг тоннага ортди. 2017 йилда 7 млн. 288 минг 500 тонна донли экинлар етиштирилган бўлса, 2020 йилда 7 миллион 636 минг тоннага етди.
2021 йил ҳосили учун экилган барча қишлоқ хўжалиги экинлари экин майдони 3 385,5 минг гектар яъни ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 99,7 фоизни ташкил этди. Бунда дон ва дуккакли дон экинлари 1 596,9 минг гектар, пахта 1 073,2 минг гектар, картошка 99,7 минг гектар, сабзавотлар 233,6 минг гектарни ташкил этди. Натижада январь-декабрда барча тоифадаги хўжаликлар 7 634,6 минг тонна дон экинлари, 3 285,6 минг тонна картошка, 10 850,2 минг тонна сабзавот, 2 285,3 минг тонна озиқбоп полиз, 2 852,6 минг тонна мева резаворлар, 1 695,3 минг тонна узум етиштирилди.
Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги «Шукурилло ёғдуси» фермер хўжалиги 2019 йилда 17 гектар пахта майдонида 32,9 центнер, 2020 йилда 14 гектарда 35,7 центнер, 2021 йилда 17 гектардан 37 центнердан ҳосил олди. Балиқчи туманидаги «Жўрабек» фермер хўжалиги 2019 йилда 44,8 гектар пахта майдонидан 35 центнер, 2021 йил 44,8 гектардан 40 центнердан ҳосил олди. Ҳосилдорлик 3 йилда 4 центнерга ошган.
Жиззах вилояти Пахтакор тумани «Суҳроббек Элибек» фермер хўжалиги 2019 йилда 26,1 гектар пахта майдонидан 26,9 центнер, 2020 йилда 33,8 гектар пахта майдонидан 28,9 центнер, 2021 йилда 29,9 гектар пахта майдонидан 34 центнер ҳосил олиб, фермер хўжаликнинг ҳосилдорлиги ўтган 3 йил мобайнида 8 центнерга, «Асқаров Мавлонқул» фермер хўжалиги 2019-2021 йилларда 29,1 гектар пахта майдонида етиштирган пахта ҳосилдорлиги 4 центнерга ошди.
Пахта тўқимачилик кластерлари ташкил этилиши натижасида фермер хўжаликларига кластер корхоналари томонидан пахта етиштириш учун моддий ресурсларини етказиб бериш, молиявий қўллаб - қувватлаш ишлари ўз вақтида таъминланмоқда. Натижада пахта етиштиришда эркин рақобат шаклланди.
Пахта тўқимачилик кластерларини ўзига бириктирилган пахта майдонларида 76 см схемага ўтиш, уруғчиликни ривожлантириш маркази ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан пахта хом ашёси етиштирувчиларни сифатли уруғлик билан таъминлаш тизимлари жорий этилди.
Бутун дунёда об-ҳаво кескин исиб кетиши натижасида пахта етиштирувчи давлатларда пахта ҳосилдорлиги 30 фоизга камайиб кетган бир вақтда, мамлакатимизда бу борада юқори ҳосилдорликка эришилмоқда. Шунингдек, ғаллачиликда бозор механизмларига ўтилгани боис фермерлар даромади 2 бараварга ошди. Бунда эса Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил
11 мартда қабул қилинган «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларини давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлашни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.
Унга кўра, фермер хўжаликлари етиштираётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун имтиёзли кредитларини ажратилиши уларга қулай шароит яратилди. Бунда пахта-ғалла ва сабзавот экинларини экишдан то ҳосил олгунга қадар барча агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишига эришилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 ноябрдаги «Ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисида»ги қарори қишлоқ хўжалиги корхоналари шунингдек, ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари учун 2022 йилдан бошлаб ҳудудларда экишга тавсия этилаётган буғдой навларини танлаш имконияти яратилди. Ҳосилни давлат эҳтиёжи учун ҳар гектарга 2,5 тонна (25 центнер), қолган қисмини тўғридан-тўғри шартнома асосида эркин биржа савдолари орқали сотиш имконияти яратилди.
Қайд этиш керакки, сўнги 3 йилда мева-сабзавот экспорти 1,7 баравар ошиб, 1,1 миллиард долларни ташкил этди. Аҳолига ерларни бўлиб бериш ҳисобига бу йил қўшимча 1 миллион тоннадан зиёд озиқ-овқат маҳсулот етиштирилди.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулот (хизмат)ларининг умумий ҳажми 248,6 трлн. сўмни ёки 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 3,6 фоизга ошган. Бунда картошка етиштириш 2,6 млн. тонна, сабзавотлар – 8 млн. тонна, полиз экинлари – 1,6 млн. тонна, мева ва резаворлар – 2,2 млн. тонна, 5 млн. 938 минг дона тухум маҳсулотлари етиштирилди.
Ўзбекистоннинг аграр салоҳияти ҳақида тўхталадиган бўлсак, юртимиз қишлоқ хўжалиги соҳаси жадал суръатларда ривожланмоқда. Хусусан, ялпи ички маҳсулотнинг 26,9 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келмоқда. Бунда ҳар йили 25,7 млн. тонна қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилмоқда. Шундан, 1,3 млрд. доллар маҳсулот экспорт қилинди.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида пахта ва ғалла муҳим аҳамиятга эга бўлиб, пахта ҳосилини етиштириш бўйича кейинги 3 йилликни таққослайдиган бўлсак, 2018 йилда 26,4 центнер ҳосил етиштирилган бўлса, 2022 йилда 35,6 центнерга етказилди. Пахта ҳосили ҳам 2018 йилга нисбатан ўртача 9,2 центнерга ошди.
Ғ.Абдулҳакимов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаш
раисининг биринчи ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи