Унумдор ер – мўл ҳосил гарови
Бухорода “Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Давлат дастури”нинг вилоятда бажарилиши ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш натижаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Бухорода “Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Давлат дастури”нинг вилоятда бажарилиши ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш натижаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Т.Эшназаров ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мелиорация ва ирригация тизими моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва фаолият самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 19 апрелдаги “2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоятда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2013-2014 йилларда вилоятдаги 32 мелиорация объектида 26,9 миллиард сўмликдан зиёд қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Жумладан, 316,9 километр очиқ коллектор, 19,4 километр ёпиқ-ётиқ дренаж тармоқлари, еттита мелиоратив станция, 17 мелиоратив тик қудуқ ва 300 кузатув қудуғи қурилди.
Бу каби лойиҳаларнинг самараси катта. Масалан, ўтган йили Марказий Бухоро коллекторининг 30 километрлик қисми реконструкция қилиниши Бухоро, Ромитан ва Вобкент туманларидаги 15 минг гектардан зиёд суғориладиган майдонлардаги сизот сувларининг тўсиқсиз чиқарилишини таъминлади. Ўрта ва кучли шўрланган ер майдонлари 880 гектарга қисқарди, 12,5 минг гектардан ортиқ майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Айни пайтда Вобкент туманида 25,8 километр узунликдаги туманлараро зовурни реконструкция қилиш ишлари олиб борилаётир. Бу лойиҳа амалга оширилгач, 1 минг 600 гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланади.
Йиғилишда мавжуд камчиликларга ҳам эътибор қаратилди. Фонд маблағларидан мақсадли ва янада самарали фойдаланиш, коллекторларнинг техник ҳолатини тегишли даражада ҳимоялаш чораларини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Тадбирда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, томчилатиб суғориш тизими ва сув тежайдиган бошқа технологияларни жорий этиш масаласи ҳам муҳокама этилди. Бу борадаги ишларда ўтган йили Қоракўл, Бухоро ва Пешку туманларида янги технологияларни қўллаш эътибордан четда қолгани танқид қилинди. Томчилатиб суғориш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларни янада такомиллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан Тошкент ирригация ва мелиорация институти Бухоро филиалида қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини оширишда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сувдан самарали фойдаланишнинг аҳамиятига бағишланган давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди.