Университетда тикувчилик цехи ташкил этилди
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 4 март куни олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.
Йиғилишда ОТМ талабалари ишлаб, даромад топишлари учун қўшимча имкониятлар яратиш масаласи муҳокама қилинди.

Мазкур видеоселектор йиғилишида берилган вазифалар ижроси доирасида Қарши давлат университетида ҳам талабаларнинг ишга жойлашиши бўйича ишлар бошлаб юборилди. Ўрганишлар асносида Қарши давлат университетининг 543 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож талаба-ёшларининг ишлашга эҳтиёжи борлиги маълум бўлди. Талабаларнинг билим ва салоҳиятидан келиб чиқиб, 48 нафар ёш университетдаги мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштирилган бўлса, 41 нафар талабани университет ҳудудида жойлашган савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарига ишга жалб қилиш орқали бандлиги таъминланди.

Шунингдек, талабалар бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларнинг давоми сифатида университет қошида“Чевар қизлар” тикувчилик цехи ташкил этилди. Бу ерда университет ички эҳтиёжларидан келиб чиқиб, талабалар турар жойлари учун тикув-трикотаж буюмлари (юқори сифатли сочиқ, чойшаб, матрас, ёстиқлар) ишлаб чиқарилади.

Тикувчилик цехида 2 сменада иш ташкил қилинган бўлиб, 20 нафар талаба ёш иш билан таъминланди. Уларга 1 миллион 200 мингдан 2 миллион сўмгача ойлик маош тўланади. Иш жараёнида, шунингдек, бошланғич тикувчиликка тайёрлаш, миллий кийимлар тарихи, тикув машина жиҳозлари тузилиши, тикув буюмларни конструкциялаш ва жиҳозлаш, тикувчилик технологияси оид билимлар ҳам бериб борилади.

Мазкур тикувчилик цехида юқорида қайд этилган ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларни ўқитиш ва кейинчалик тадбиркорлик қилиш орқали қўшимча даромад топиши мақсад қилинган. Умуман олганда, ҳозирнинг ўзида юз нафардан ортиқ талабаларнинг бандлиги таъминланди. Келгусида кенг кўламда талабаларни иш билан таъминлаш мақсадида Қарши давлат университетида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Ўлмас Баротов, ЎзА