Университет обрў-эътибори халқаро миқёсда тобора юксалиб бормоқда
Бугун мамлакатимизда илм-фан ва олий таълимни янги босқичга олиб чиқиш, университетларнинг халқаро рақобатбардошлигини ошириш, уларнинг жаҳон таълим маконидаги нуфузини мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан бирига айланган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таълим сифатини ошириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, олий таълим муассасаларини халқаро рейтингларга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
Бухоро давлат университетининг бир вақтнинг ўзида иккита нуфузли халқаро рейтинг — QS Sustainability Rankings 2027 ҳамда Times Higher Education Interdisciplinary Science Rankings 2027 рейтингларида муносиб натижаларни қайд этгани бунинг яққол тасдиғидир.
Хусусан, QS Sustainability Rankings 2027 рейтингида университет Ўзбекистон олий таълим муассасалари орасида 5-ўринни, Осиё миқёсида 584-ўринни эгаллади. Жаҳон рейтингида эса 1501+ поғонадан жой олди. Эътиборлиси, Бухоро давлат университети ушбу рейтингда илк бор иштирок этиб, 40,4 балл тўплашга муваффақ бўлди. Айниқса, самарали бошқарув йўналишида 78,1 балл, экологик таълим соҳасида 61,5 балл қайд этилгани университетда барқарор ривожланиш тамойиллари, замонавий бошқарув ва экологик маданиятни таълим жараёнига татбиқ этиш борасидаги ишлар самарасини кўрсатади.
Яна бир қувонарли жиҳати, Times Higher Education Interdisciplinary Science Rankings 2027 рейтингида Бухоро давлат университети жаҳоннинг 801–1000-ўринларидан жой олди. Ўзбекистон бўйича эса 13-натижани қайд этди. Дунёнинг 102 та мамлакатидаги 1058 та олий таълим муассасаси иштирок этган ушбу нуфузли рейтингда университетнинг жаҳоннинг энг яхши 1000 та олий таълим муассасаси қаторига кириши алоҳида аҳамиятга эга.

Бу натижанинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, университет ўтган йили мазкур рейтингда “Reporter” мақомида иштирок этган бўлса, жорий йилда тўлақонли баҳолаш натижаларига кўра 801–1000-поғонадан жой олди. Бу эса қисқа вақт ичида илмий фаолият, фанлараро тадқиқотлар ва академик салоҳиятни ривожлантириш борасида муайян ўсишга эришилганини англатади.
Зеро, халқаро рейтинглардаги натижа шунчаки рақам ёки эгалланган ўрин эмас. У университетдаги таълим сифати, илмий изланишлар самарадорлиги, бошқарув тизими, халқаро ҳамкорлик ва замонавий билимларни амалиётга татбиқ этиш имкониятларининг муҳим кўрсаткичидир. Шу маънода, Бухоро давлат университетининг ушбу ютуқлари нафақат жамоа меҳнатининг эътирофи, балки вилоятнинг илмий-маърифий салоҳияти халқаро миқёсда тобора юксалиб бораётганининг ҳам ифодасидир.

Энг муҳими, бу каби натижалар ёш авлод учун кенг имкониятлар эшигини очади, иқтидорли талабалар ва тадқиқотчиларнинг илмий салоҳиятини рўёбга чиқаришга, Бухоронинг таълим ва илм-фан маркази сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бухоро давлат университетининг халқаро рейтинглардаги бугунги муваффақияти — изчил ислоҳотлар, янгиланишга интилиш ва илм-фан тараққиёти йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг самарасидир. Бу натижалар университет жамоаси зиммасига янада катта масъулият юклайди: эришилган марраларни мустаҳкамлаш, халқаро майдондаги мавқени янада ошириш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири