Университет ўқишни онлайн бошлайди
Жорий йилда ҳужжатлар ДТМ сайтида, Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн қабул қилинди.
Қабул– 2020
Коронавирус пандемияси бутун инсоният, шу жумладан, спортчилар ҳаёт тарзини ҳам ўзгартириб юборди, масофавий иш ва масофадан туриб таълим олиш, хизматлар қаторида таълим тизими ҳам тезда онлайн форматга ўтишга мажбур бўлди. Жорий йилда ҳужжатлар ДТМ сайтида, Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн қабул қилинди.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида 2020-2021 ўқув йили учун еттита йўналишга ҳужжат қабул қилинди. Булар:
– Мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия ва спорт;
– Психология (спорт);
– Менежмент (жисмоний тарбия ва спорт менежменти);
– Менежмент (спорт тадбирларини ташкил этиш ва бошқариш);
– Маркетинг (спорт);
– Спорт фаолияти (волейбол, баскетбол, бадминтон, гандбол, теннис, стол тенниси, регби, кураш, белбоғли кураш, сузиш, эшкак эшиш, синхрон сузиш, оғир атлетика, от спорти, велоспорт, енгил атлетика, триатлон, биатлон, дзюдо, каратэ ВКФ, самбо, эркин кураш, юнон-рум кураши, бокс, таэквондо WТF, қиличбозлик, спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика, футбол, хоккей, тоғ-чанғи спорти, шахмат).
Шу жумладан, хотин-қизлар спортини ривожлантириш йўналиши бўйича ҳужжатлар қабул қилинди.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига 2020-2021 ўқув йили учун кундузги бўлимга 1 125 нафар, сиртқи бўлимга эса 600 нафар талаба қабул қилиниши режалаштирилган.
Жорий йилда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига жами 19 407 (кундузги бўлимга 12415 нафар, сиртқи бўлимга 6992 нафар) нафар абитуриент ҳужжат топширди. Агар ўтган йил билан солиштирилса, бу йил талабгорлар кўпроқ.
Ҳозир абитуриентларни ҳам, ота-оналарни ҳам ижодий имтиҳонлар қай тартибда ўтказилади ва карантин талаблари қандай бўлади, деган савол қизиқтириши табиий.
Пандемия даврида карантин, санитария талабларига қатъий риоя этилган ҳолда тест синовлари билан бир қаторда касбий (ижодий) имтиҳон бўладиган таълим йўналишлари учун имтиҳонлар 3 сентябрдан 20 сентябргача вақт оралиғида ўтказилади.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида имтиҳонлар касбий (ижодий) ҳамда тест йўналишида ташкил этилади. Тўлиқ ижодий имтиҳон асосида талабаликка қабул қилинадиган йўналишларда абитуриентлар шу пайтга қадар махсус ва умумий жисмоний тайёргарликдан ташқари сузиш бўйича ҳам имтиҳон топшириб келишарди. Жорий йилги қабул мавсумида абитуриентлар фақат махсус ва умумий жисмоний тайёргарлик бўйича имтиҳон топширади, сузиш спорти мажбурий имтиҳонлардан олиб ташланади.
Касбий (ижодий) имтиҳон меъёрлари абитуриентлар жинси ва ёши бўйича 35 ёшгача ва 35 ёшдан юқори ёш тоифаларига ажратилган ҳолда ишлаб чиқилди.
2020-2021 ўқув йили учун қабул бўйича Мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия ва спорт ва Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича) бакалавриат таълим йўналишларида касбий (ижодий) имтиҳонлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида (университет биносида) ҳудудлар кесимида қабул қилинади. Абитуриентлар ижодий имтиҳонларни фақат бир кун ва узоғи бир соат ичида топширишади.
Ижодий имтиҳонларда коррупция ҳолатларининг олдини олиш ҳамда шаффофликни таъминлаш мақсадида касбий (ижодий) имтиҳонлар видеокузатувлар орқали қатъий назорат қилинади ва жамоатчилик кузатуви таъминланади.
Янги ўқув йили учун ҳам тайёргарликлар авжида. Янги 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича) ва Мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия ва спорт бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ўқиш муддати 3 йил этиб белгиланди. Мазкур ўқув йилидан эътиборан университетида янги – 5 та спорт фаолияти (стол тенниси, регби, каратэ ВКФ, тоғ-чанғи спорти, шахмат) йўналиши очилди. Шунингдек, университетда 1 та янги факультет, 2 кафедра очилди. Университетнинг Ўқув-услубий бўлими Ўқув-услубий бошқармага айлантирилди. Яна шуни эътироф этиш керакки, университет қошида Уйчи спорт техникуми ташкил этилди.
Янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш ва ўқув жараёнини сифатли ташкил этишни таъминлаш бўйича кафедраларда доимий равишда мониторинг ўтказиб борилаяпти. Мазкур жараёнда кафедраларнинг ишчи ўқув режа ва ишчи фан дастури, намунавий ўқув режаси, аудиторияларнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати, маърузаларнинг электрон шакллари, кафедранинг рейтинг низоми, барча таълим йўналишлари учун ДТС ва малака талаблари билан таъминланганлик каби масалалар кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, профессор-ўқитувчилар томонидан 23 дарслик ҳамда 43 та ўқув қўлланма яратилди, нашр этиш ишлари олиб борилмоқда.
Илмий-тадқиқот ишларини ташкил этишда жорий йилнинг шу даврига қадар университет қошидаги Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари назарияси ва методикаси ихтисослиги бўйича илмий кенгашда 12 нафар тадқиқотчи фалсафа доктори (PhD) диссертациясини ҳимоя қилди.
Бугунги кунда университетда иккита амалий лойиҳа бажарилмоқда.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган лойиҳалар танловига 5 та, жами 3 миллиард 800 миллион сўмлик лойиҳа топширилган.
Шунингдек, “Қишки спорт турларида спортчиларнинг ҳаракат тайёргарлигини назорат қилиш ва баҳолаш учун 3D веб порталини яратиш” номли лойиҳани (3 млрд.сўмлик) тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Пандемия бўлишига қарамай халқаро ҳамкорлик ҳам тўхтаб қолгани йўқ. Европанинг нуфузли олийгоҳларидан бири – Литва спорт университети ҳамда Россия Федерациясининг Урал давлат жисмоний тарбия университети билан олиб борилган онлайн музокаралар натижасида ҳамкорлик келишувларига эришилди.
Бугун барча олий таълим муассасаси ва талабаларни ўйлантираётган саволлар бор. Барча курсларда таълим онлайн олиб бориладими? Ёки ўқиш анъанавий бўладими?
Апрель ойидан буён биз дарсларни онлайн ўтказяпмиз, лекин хоҳлаймизми, хоҳламаймизми, онлайн тизим одатий, юзма-юз дарс ўтиш тизимининг ўрнини боса олмайди. Шунинг учун биз ҳозирча сентябрь ойидан бошлаб 2, 3 ва 4-курс ва магистратура 2-курс талабаларига ўқишни онлайн тарзда бошлаймиз, октябрь ойида 1-курсларни ҳам қабул қилиб олганимиздан кейин пандемия сал юмшаса, унда балки анъанавий тизимга яна қайтармиз, лекин биз ҳар қандай вазиятга тайёр туришимиз керак. Дунёда ҳали бундай вазият бўлмаган, ҳеч кимда тажриба йўқ. Албатта, биз хорижий тажрибани ҳам чуқур ўрганган ҳолда вазиятга ёндошамиз.
Сиртқи ва махсус сиртқи таълим шаклларида ўқиш жараёнлари белгиланган графиклар асосида масофавий (онлайн) шаклда бошланади ва давом эттирилади.
Бўлажак спортчилар амалий кўрсаткичлари тушиб кетмаслиги учун қандай чоралар кўрилади? Онлайн дарсларда фақат назария ўтиладими ёки жисмоний машқлар бажарилишига эришиш мумкинми?
2020/2021 ўқув йилининг кузги семестрда ўқитиладиган фанлар бўйича назарий маълумотлар (маъруза матнлари, семинар ишланмалари, тестлар тўплами, электрон адабиётлар) масофавий таълим платформасига жойлаштирилмоқда.
Тасдиқланган режа-жадвал асосида “Спорт педагогик маҳоратини ошириш” фанидан ҳар бир спорт турининг хусусиятидан келиб чиқиб, амалий машғулот материаллари видеоролик кўринишида тайёрланмоқда.
Университет спорт йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлайдиган таълим муассасаси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам кундузги таълим шаклида “Спортда педагогик маҳоратни ошириш” фани таълим жараёнининг 60-70 фоизини ташкил этади. Бу, энг аввало, талабалар спорт йўналишларидан келиб чиқиб, улар техник, тактик билимларини ошириш сир-асрорларини пухта эгаллаши учун замин яратади.
Шундан келиб чиқиб кундузги таълим шаклида ўқиётган талабаларнинг масофавий таълимда “Спортда педагогик маҳорат” фанини тўлиқ ўзлаштиришида муаммолар мавжуд. Бу муаммоларни спортчи талабалар амалий машғулотларни мураббий назорати остида олиб бормаслиги, мураббий томонидан талабаларнинг машғулот олиб боришидаги хато ва камчиликларни тўғрилаш имкони мавжуд эмаслигида кўришимиз мумкин.
Юқоридаги муаммоларни ҳал этиш мақсадида университетда масофавий таълим тизимида ўқитувчи-мураббийлар томонидан ўқув машғулотлари видеотасвирга олинган ҳолда талабаларга онлайн тарзда етказилиб, вазифалар берилади.
Шу ўринда ота-оналар ва абитурентларга мурожаат қилмоқчиман.
Ҳурматли абитуриентлар ва ота-оналар!
Бугунги кунда давлатимиз томонидан коррупциянинг олдини олиш бўйича жуда кўп ишлар олиб борилмоқда. Ёшларнинг илм даргоҳларига ҳалол ва пок киришлари учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилди. Афсуски, товламачилар ва фирибгарларнинг дунёқараши ўзгармаяпти. Улар ҳамон эскича ўй-хаёлларда, қинғир йўллар билан мўмай даромад топиш илинжида юрибди. Уларнинг тузоғига илиниб қолманг!
Халқимизда “Қарс икки қўлдан чиқади”, деган нақл бор. Фарзандингизга ёрдам бераман десангиз, ноўрин ва пинҳона хатти-ҳаракатларга йўл қўйманг! Агарда Сизга кимдир университетда танишим бор, шу университетда ишлайман, ўқишга киритиб қўяман деса, ишонманг. Бу ҳақда дарҳол (98)125-13-26, (99)837-79-84 телефон рақамларга мурожаат қилишингизни сўраймиз.
Келинг, фарзандларимизнинг мустақил ҳаётга қўядиган биринчи қадами ҳалол ва пок бўлиши учун биргаликда қайғурайлик.
Ўзингизни асранг, карантин қоидаларига амал қилинг.
Маҳмуджон Болтабоев,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва
спорт университети ректори.