Шахмат-шашка мусобақалари Навоий шаҳрида қизғин давом этмоқда
Мусобақанинг иккинчи кунида ҳам 56 нафар спортчи ғолиблик учун дона сурмоқда.
Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизими талаба ёшлари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Универсиада ўйинларининг шахмат-шашка мусобақалари Навоий шаҳрида қизғин давом этмоқда.
Мусобақанинг иккинчи кунида ҳам 56 нафар спортчи ғолиблик учун дона сурмоқда.
Спорт беллашувини юқори савияда ўтказиш мақсадида зарур шароитлар яратилиб, талаба ёшларнинг ўз иқтидорини намоён этиши учун кенг имкониятлар эшиги очилди.
– Албатта барчамиз бу ерга ғолиб бўлиш мақсадида келганмиз, – дейди Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси Озода Ҳусаинова. – Дўстлик ва баркамоллик байрамида талабалар билан ўзаро дўстлашдик. Зеро, спортдаги олтин қоида рақибни ҳурмат қилиш, ҳалол курашиш якунда ҳар қандай рақобатчини дўстга айлантиради. Имкониятларим ҳозирча ёмон эмас. Ғолиб бўлишга астойдил ҳаракат қиляпман. Рақибларим ҳам кучли.
Дарҳақиқат, жорий йилги мусобақалар аввалгисидан мутлақо фарқ қилади. Илгари, Универсиада спорт ўйинлари доирасидаги мусобақаларга навбатма-навбат вилоятлар мезбонлик қилар эди. Эндиликда, режа асосида спорт беллашувлари турларга кўра ҳудудларга бўлиниб, битта спорт тури бўйича мусобақалар муайян бир вилоятда ўтказиладиган бўлди. Бу спортчи ёшларга қулайлик яратиб, соғлом рақобатни юзага келтирмоқда.