Германияда давом этаётган XXXII Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларининг учинчи кунги дастури ҳам ўз ниҳоясига етди. Унда Ўзбекистон делегацияси бадиий гимнастика, теннис, стол тенниси, таэквондо WT ва сузиш спорт турлари бўйича иштирок этди.
Аҳамиятлиси, мазкур турлар орасида бадиий гимнастика йўналишида Тахмина Икромова муносиб иштирок этиб, 2 тадан олтин ва кумуш медалларини қўлга киритди.

Тахминанинг ушбу медаллари натижасида бадиий гимнастика бўйича умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон термаси иккинчи поғонадан жой олди. Нейтрал мақомдаги гимнастикачилардан иборат терма 2 тадан олтин ва кумуш ҳамда 1 та бронза билан биринчи бўлган бўлса, озарбайжонлик гимнастикачилар 2 та олтин ва 1 та бронза билан кучли учликдан жой олди.
Таэквондо WT баҳсларида Мадина Мирабзалова -57 кг. вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритди. Шу тариқа, Ўзбекистон делегациясининг айни дамдаги медаллари икки олтин, уч кумуш ва бир бронза, жами 6 тага етди.

Шунингдек, мусобақанинг стол тенниси йўналишида Марҳабо Магдиева замбиялик Сафия Нкуваҳни, Шоҳруҳ Искандаров эса озарбайжонлик Ниҳад Самадзаде устидан зафар қучди. Умидли теннисчимиз Максим Шин иккинчи даврада Жанубий Корея вакили Вунгби Лини 2-0 ҳисобида таслим этиб, навбатдаги босқичга чиқди.

Дарвоқе, 20 июль куни спортчиларимиз теннис, стол тенниси, таэквондо WT ва сузиш баҳсларида ўз омадларини синовдан ўтказади.
Маълумот ўрнида: “Универсиада-2025” мусобақасининг ўтган икки куни якунига кўра, АҚШ делегацияси 7 та олтин, 5 та кумуш, 11 та бронза медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи бўлиб турибди. Жанубий Корея эса 5 та олтин, 4 кумуш ва 6 та бронза билан иккинчи, хитойлик талабалар эса 4 та олтин, 7 та кумуш, 3 та бронза медални қўлга киритган ҳолда кучли учликдан жой олган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА