“Универсал”да чемпионатнинг учинчи куни давом этмоқда
Хабар берганимиздек, пойтахтимиздаги “Универсал” спорт мажмуасида эркин ва юнон-рум кураши бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати давом этмоқда.
Икки кунлик беллашувлар натижасида юнон-рум кураши бўйича мамлакат чемпионлари аниқланган бўлса, бугун, 24 декабрдан эътиборан эркин курашчилар чемпионлик учун баҳсларга киришмоқда.
Бугун кун мобайнида эркин курашнинг 57, 65, 70, 79 ва 97 кг вазн тоифаларида Ўзбекистон чемпионатининг ғолиб ва совриндорлари аниқланади.
Кеча юнон-рум курашининг қолган вазн тоифаларида совриндорлар маълум бўлди. Шиддатли курашлар остида ўтган чемпионатда 60 килограмм вазнда бухоролик Феруз Тўхтаев, 67 килограмда фарғоналик Аброр Атабаев, 72 килограмда бухоролик Мирзобек Раҳматов, 82 кило оғирликда фарғоналик Муҳаммадқодир Расулов, 97 килограмм вазнда бухоролик Муҳаммадали Шамсиддинов ҳақли равишда Ўзбекистон чемпиони, деган шарафли номга мушарраф бўлишди.
Чемпионат 24 декабрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА