Умумтаълим мактаблардаги энг фаол тарғиботчилар
Бухорода “Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи” республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур танлов Халқ таълими вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
– Танловнинг мақсади эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантиришдан иборат, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Марҳабо Пардаева.

–Шунингдек, оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, тарғибот-ташвиқот ва тарбия йўналишидаги ишларни илмий асосда ташкил этиш, соҳа бўйича илмий ва услубий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган доимий мониторинг тизимини жорий қилишдир. Фаолияти намунали йўлга қўйилган умумтаълим мактабларининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари иш тажрибасини кенг оммалаштириш ҳамда уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришдир.

Танловнинг вилоят босқичида иштирокчиларнинг билим, малака ва кўникмалари ижодий ишлари ва суҳбат орқали баҳоланди. Биринчи ўринни Вобкент тумани вакили Сухроб Ҳамроев, олотлик шоир Абдунаби Ҳамроев қўлга киритди. Улар танловнинг мамлакат босқичига йўлланмани қўлга киритди. Иккинчи ўринни Ғиждувон туманидан Гавҳар Холмуродова ва Шофиркон туманидан Омондулла Абдуллаев, учинчи ўринни Когон туманидан Зилола Қаноатова, Бухоро туманидан Мавлуда Эргашевалар эгаллади.

Зариф Комилов, ЎзА