Умумхалқ ҳашари юқори савияда ўтказилмоқда
Мамлакатимизда Мустақиллик байрами муносабати билан ташкил этилган умумхалқ хайрия ҳашари кўтаринки руҳда ўтмоқда.
Мамлакатимизда Мустақиллик байрами муносабати билан ташкил этилган умумхалқ хайрия ҳашари кўтаринки руҳда ўтмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 августдаги тегишли фармойишига асосан 17-18 август кунлари мамлакатимиз миқёсида умумхалқ хайрия ҳашари ҳамда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ўтказилмоқда.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ахборот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 17 август куни ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашарининг дастлабки кунининг биринчи ярмида 10 минг 154 гектардан ортиқ майдонлар ободонлаштирилди ва тозаланди. 20 минг 526 тоннага яқин чиқиндилар чиқариб ташланди. 10 минг 759 километрга яқин узунликдаги ариқ ва лотоклар тозаланди.
5 мингга яқин қабристонлар ва 400 га яқин зиёратгоҳлар ободонлаштирилиб, тартибга келтирилди. 3 миллион 500 мингдан ортиқ дарахтлар оқланиб, уларга шакл берилди. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун 5 мингдан зиёд техника воситалари жалб этилди.
Шунингдек, ҳашар куни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатиш бўйича қуйидаги тадбирларни амалга оширилди. Хусусан, 5 мингга яқин кам таъминланган оилаларнинг 156 минг метр квадратдан зиёд уй-жойлар ҳашар йўли билан таъмирланди. 5 минг 600 дан зиёд эҳтиёжманд оилаларга, шундан 2 мингга яқин ногиронлиги бўлган ва ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Мазкур хайрия тадбирлари орқали 1 миллиард 448 миллион сўмдан ортиқ, шундан 50 миллион сўмга яқин маблағ “Маҳалла” фонди ҳисобидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатишга сарфланди.
Шунингдек, ҳашар куни маҳаллаларда 61 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, жумладан, 50 та маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари - савдо дўкони, гўзаллик салони, сартарошхона, дорихона, тўйхона, тиббиёт маркази, баркамол авлод маркази, мактабгача таълим муассасалари ва бошқалар, 2 та ишлаб чиқариш цехи, 7 та маҳалла фуқаролар йиғини биноси, 2 та болалар спорт майдончаси фойдаланишга топширилди.
Жорий йилнинг 17 август куннинг биринчи ярмида умумхалқ хайрия ҳашарида 6 миллион нафарга яқин фуқаролар, шундан 3 миллион 400 нафардан зиёд ёшлар иштирок этди. Фармойишга мувофиқ республикамизнинг барча ҳудудларида август ойида ободонлаштириш ва тозалаш ишлари давом эттирилади.