Фуқароларнинг “Умра” зиёратига бориб-келиши кенг оммалашгани сари бу жараёндан фойда олишни кўзлаётганлар ҳам кўпайди.
Туризм фаолияти билан шуғулланаётган айрим тадбиркорлар “Умра” сафарига бормоқчи бўлаётган фуқароларга энг яхши шароитларни ваъда қилиши, лекин амалда буни бажармаслиги ҳолатлари учрамоқда.
Меҳмонхоналар билан боғлиқ муаммолар, зиёратчилар бориш-келишда самолёт рейсларининг белгиланган санадан кечикиши каби ҳолатлар юртдошларимизни қийнаб юборди.
Бу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди.
Қонун зиёратчиларга муносиб шарт-шароитлар яратиш, хорижда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва кафолатланган хизматлардан фойдаланишига қаратилган.
Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган қонун билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида” ва “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича янги лицензияланадиган фаолият тури жорий этилмоқда. Бунда, ушбу лицензия Дин ишлари бўйича қўмита томонидан берилиши ҳамда ушбу лицензияни олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида давлат божи белгиланди.
Қонун билан лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималар қаторига қўшимчалар киритилмоқда.
Эндиликда “Умра” тадбирларини лицензиясиз амалга ошириш ёки лицензияларни қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олиш БҲМнинг 200 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Қонун юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланишига, турли фирибгарликларнинг олди олинишига, энг муҳими, зиёрат пайтида ҳар бир фуқаро давлат ҳимоясида бўлишига хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА