Ўқитувчиларнинг мактабдан ташқари яна энг кўп борадиган жойлари – кутубхона. Устозлар ва кутубхона ходимлари ўртасида ажиб боғлиқлик бор. Бу ҳам бўлса – маърифат улашиш. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоевани “Китоблар маликаси” деб аташади. Сабаби, Умида опа китоб, умуман, маърифат тарғиботида мамлакатимизнинг энг пешқадам зиёлиларидан. Умида опа болаликда журналист бўлишни орзу қилганлар. Лекин шуни аниқ биламанки, бу инсон маърифат ва эзгулик тарғиботига журналистлардан ҳам кўпроқ ҳисса қўшганлар.
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева билан суҳбатлашдик.
–Ҳар бир инсоннинг маънавий камолоти, орзуларининг юзага чиқиши устозлар билан бевосита боғлиқ. Сизнинг етук мутахассис бўлиб шаклланишингизда устозларнинг ўрни қандай?
– Инсоннинг умрини устозларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ўгитлари билан қалбимизга малҳамдек ўрнашган мўътабар инсонларнинг қиёфалари беихтиёр кўз ўнгимизда гавдаланаверади. Улар ҳақида ўйлар экансан, қалбингда қарздорлик туйғуси қўзғалаверади, эҳтироминг ортаверади.
Бир донишманд шогирдларидан сўради:
-Дунёда инсон учун энг яхши нарса нима?
- Комил ақл, - деди бири.
- Яхши дўст, - деди яна бири.
- Чора-тадбир, - деб жавоб берди учинчиси.
Донишманд уларнинг фикрларини инкор қилмади. Ниҳоят, сўнгги шогирд:
- Инсон учун энг яхши нарса пок қалб, деди.
Донишманд унинг сўзини маъқуллади:
- Баракалла, инсонда пок қалб бўлса, аввалгиларнинг ҳаммаси бўлади.
Ана шундай пок қалбли устозларимнинг, энг аввалбоши онажоним бўлса, ҳозирги Умидахоннинг ютуқларига катта сабабчи бўлган, бевосита китобдан меҳр топиб, жавоҳирларини улашган устозим Ҳамрохон Маматраимова ҳисобланади. Бир қарашда юмшоққина (жуссалари кичкина бўлганлари учундир) кўринсалар ҳам, аммо принципиал характерли, қаттиққўл, ўз фанини мукаммал биладиган, ушлаган жойларидан узиб оладиган, энг муҳими “таниш-билишлар”ни умуман тан олмайдиган, фақат ва фақат ўқиб уққанларни ҳурмат қиладиган инсон.
Устозим сабабли Абдулла Қодирий номидаги стипендия соҳиби ҳам бўлдим, бирга битта кафедрада ишлаб, ўқитувчилик ҳам қилдим. Инсон сифатида устозим олижаноб, камтар, меҳрибон, самимий, зеҳнлари ўткир, ёлғондан, кўзбўямачиликдан нафратланадиган, тўғри гапни аямай юзга соладиган ҳақиқий мард аёл эди. Фақатгина соҳаларининг билимдони эмас, балки бадиий адабиётни яхши биладиган, дунёқарашлари кенг, интеллектуал кучли мутахассис эдилар. Ҳамрохон Маматраимовага шогирд бўлганимдан фахрланаман.
– Ёшларнинг бугунги китобга бўлган интилишлари, қизиқишларига қандай баҳо берган бўлар эдингиз? 2025 йил давомида Миллий кутубхонага ташриф буюрган китобхонлар кўпроқ қайси асарларга мурожаат этганлар?
– Ўзбекистон ёшлари, умуман, аҳолимиз мутолаада! Саволингиз ёшлар билан боғлиқ бўлгани сабаб, айтишим керакки, ижтимоий тармоқларнинг оммалашгани, интернет тармоғидан кенг фойдаланилаётгани, қолаверса, фикр эркинлиги, реклама тармоғининг жадал ривожланиши, машҳур асарларнинг таржима нусхалари кўпайиши, танлаш имконияти яратилгани ёшларни китобхонликка қайтарган омиллардан деб ҳисоблайман. Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, китобхонлик ва китобхонликни тарғиб қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди, кутубхоначилик соҳасига оид қатор ҳужжатлар имзоланди. Натижада кутубхоналарда замонавий шароитлар яратилди. Биламизки, ёшларни замонавий шароитлар, техника-технологиялар доим қизиқтириб келган. Анъанавий босма нашрларнинг чоп этилишидаги ижобий ўзгаришлар билан бирга, онлайн мутолаа ёшлар учун жуда кенг ва қулай имкониятларни берди.
2025 йил 9 ойи давомида Миллий кутубхонага ташриф буюрган китобхонлар кўпроқ мурожаат қилган (адабий асарлар) нашрлар:
1. Ўткир Ҳошимов “Икки эшик ораси”.
2. “Дунёнинг ишлари”
3. Саид Аҳмад “Уфқ”.
4. “Жимжитлик”
5. Тоғай Мурод “Отамдан қолган далалар”
6. Теодор Драйзер “Сармоядор”
7. Джорж Оруелл “1984”
8. Фотиҳ Думан “Мен”
9. Жавлон Жовлиев “Қўрқма”
–Китобга меҳр қўйишда ёшларга қандай йўл-йўриқларни тавсия этган бўлардингиз?
– Китоб мутолааси бобида “Дангасага арпа уни баҳона” дейдиган даврдан ўтиб кетдик, назаримда. Турли баҳона ва важлар бугунги кунда ўринсиз. Мутолаанинг энг замонавий формати –аудиокитобни тинглаш. Ўқимайсан, тинглайсан! Яна мутолаага тўсқинлик қиладиган баҳоналардан бири, биламизки нашрларнинг нархи, яъни қимматлиги ёки тополмаслик. Бугунги кунда ҳар қандай нашрнинг ҳам босма, ҳам электрон шакли тайёрланмоқда, баъзи нашрларнинг (бадиий адабиёт) аудио шакли ҳам бор. Китоблар китобхоннинг молиявий имкониятларини ҳам эътиборга олган ҳолда тайёрланмоқда. Бу тўғри, чунки Ўзбекистонда нашр қилинган китоб маҳсулотлари билан биз халқаро кўргазмалар, ҳалқаро тадбирларда иштирок этяпмиз ва уларнинг таннархи қимматроқ ва нашрнинг сифатига ҳеч қандай таъсир қилмаган ҳолда чоп этилган китоблар мавжуд. Танлаш ҳуқуқи эса китобхонда, сотиб оламан деганлар учун иккиси ҳам муҳайё. Китоб дўконини айлангани вақтим йўқ, дегувчилар учун эса онлайн китоб дўконлари мавжуд: расмийлаштиринг, асарнинг босма, яъни қоғоз кўриниши тугаган бўлса, электрон шаклидан фойдаланинг.
Ёшларга тавсияларим эса, ҳар қандай китобни мутолаа қилманг. Бу фикрларим асосан бадиий асарлар мутолааси билан боғлиқ. Нашрни варақлаб мутолаа жараёнига киришдингми, у “сеники” эканини тушунасан, чунки завқланиш ҳиссини сезасан, қўлингдан тушмай қолади, асарни ичида бўласан. Лекин мутолаа жараёни фақат бадиий асар эмас, нашрларнинг йўналишлари, тури кўп. Бу йўналишда эса мутолаага дарров киришиб кетолмайсан. Илмий нашрлар мутолааси эса ақлий меҳнат: қийналиб мутолаа қилинади, ярим йўлда қолиб кетмаслиги, тушунмаган жойларни такрор ўқиш, изланиш, ўз устида ишлаш орқали нашрнинг сеҳрини, яъни илмнинг мағзини чақасан.
Глобал давр, муҳитда мутолаа жараёнида босма ва электрон китоб деган тушунча бор. Ўзимга келсам, мен мувозанатни сақлайман. Мен чинакам, босма китобни жуда яхши кўраман - юқори сифатли қоғоздан тайёрланган ва сиёҳнинг ёқимли ҳидига эга. Биттасини олганингизда, тактил туйғу ва дизайннинг гўзаллигидан баҳраманд бўласиз, ўзгача ҳаяжонни ҳис қиласиз. Мен учун чинакам мутолаа, чуқур қувонч ва завқ келтирадиган жараённинг ўзи қоғоз (босма) китоб билан узвий боғлиқдир! Бу кўпроқ ҳис-туйғуларни уйғотади, махсус мухитни яратишга ёрдам беради ва матнни идрок этишни чуқурлаштиради. Қоғоз китоблар ҳар доим маданиятимиз ва кундалик ҳаётимизнинг бир қисми бўлган ва бўлиб қолади.
Албатта, бу мен электрон китобларни рад этаман дегани эмас, аксинча, улар баъзан жуда қулай бўлиши мумкин. Аудиокитоблар мутолааси энг қулай кўриниш, муҳими жой, вақт танламайди.
Демак, мен оқилона мувозанат тарафдориман: тезлик ва самарадорлик муҳим бўлганда мен электрон шаклдан фойдаланаман, лекин анъанавий форматдан ҳақиқий завқ оламан.
– Мамлакатимизда китобхонликни ривожлантиришда сиз раҳбарлик қилаётган маърифат маскани томонидан яна қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?
–Кутубхонамизда китобхонликни тарғиб этиш бўйича барча имкониятлар ишга солинмоқда. Китобхонлик ҳафталиклари, турли маърифий анжуманлар, форумлар, семинарлар, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, мамлакатимизнинг етук зиёлилари, машҳур спортчилар билан мулоқотлар, учрашувлар мунтазам ўтказилади. Айни пайтда кутубхонадаги манбалардан олимлар, тадқиқотчилар, педагоглар, талабалар бемалол фойдаланиш имконига эга. Энг катта туҳфа Президентимиз ташаббуси билан кутубхонамиз учун янги, муҳташам бино барпо этилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш, таълим-тарбия, устозлар меҳнатини эъзозлаш, уларнинг изланиши, ўз устида ишлаши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганининг амалдаги ёрқин намунасидир.
– Қизиқарли ва мазмунли суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди