Қулупнай Учқўрғон бренди бўлиб қолган
Халқда “Бегона ўт ернинг ўз фарзанди, бошқа ўсимликлар бегона фарзанди” деган нақл бўларди.
Халқда “Бегона ўт ернинг ўз фарзанди, бошқа ўсимликлар бегона фарзанди” деган нақл бўларди. Аммо учқўрғонликлар қулупнайни ернинг ўз фарзандига айлантирган. Шунинг учун бу неъмат бир неча йилдан буён Учқўрғон бренди бўлиб келмоқда.
Эсимда бор, 5-6 йил аввал наманганлик тадбиркорлардан бири – раҳматли Ҳафизхон аканинг Ровустон қишлоғидаги даласига бориб қулупнайларини ўз қўлим билан узиб еяётган эдим. Даладагиларнинг бири менинг қаердан эканимни сўради. “Қайқиданман!” дедим. “Қайқи – қулупнайнинг фабрикасику! Билмайман, қайқиликлар қулупнайга укол қилишадимией. Шу бизнинг қулупнай сизга ёқдими?” деб таажжубланса бўладими?
У киши тўғри айтганди. Биргина қулупнайнинг даромадидан қишлоғимиз хонадонларига ҳар йили 30-35 та ҳар хил енгил автомашина кириб келади.

Коронавирус пандемияси даврида мамлакатимизда қабул қилинган чекловлар ва чора-тадбирлардан келиб чиққан ҳолда “Уйда ўтиринг” чақириғига тўла амал қилаётган вилоят аҳолиси баҳорги дала юмушларини, томорқада мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришни бир зумга ҳам сусайтиргани йўқ.
Тумандаги 750 гектардан зиёд томорқа майдонларининг 500 гектарини қоплаган Учқўрғон қулупнайининг дастлабки ҳосилини бозорларга етказиб берила бошлади.
Қулупнай қаторлари орасига саримсоқпиёз, картошка, пиёз ҳам экилгани учқўрғонлик миришкорларнинг томорқадан даромадини янада оширмоқда.
Раҳимжон Ирисов,
журналист.