Улуғбек Раҳматуллаев жорий йил 27 июль - 3 август кунлари Боливия Республикасида бўлиб ўтадиган IOI 2025 мусобақасида юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Билимли фарзанд ота-она учун гўзал мукофот. У нафақат ўзини, балки жамиятни ривожлантиришга ҳисса қўшади.

Қайд этиш лозимки, IOI (International Olympiad in Informatics) дунё миқёсидаги энг нуфузли ва рақобатбардош фан олимпиадаларидан бири бўлиб, дастурлаш, алгоритмлар ва мантиқий фикрлаш бўйича энг зукко ёшлар беллашадиган майдондир. Ҳар йили 90 дан ортиқ мамлакатдан энг сара иштирокчилар бу олимпиадада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади. Бу йил улар орасида Улуғбек Раҳматуллаев ҳам бор.

Қаҳрамонимиз Наманган шаҳридаги Президент мактабининг 10-синф ўқувчиси. Табиатан камтар, камгап Улуғбекнинг информатика фанига қизиқиши баланд.

–Энг ширин туйғу фарзандинг ортидан айтилган мақтов, – дейди қаҳрамонимизнинг отаси Маъруфжон Мадаминов. – Ўғлим Улуғбекдан умидларим катта. Онаси иккимиз фарзандимизнинг таълим олиши учун қўлдан келганча ҳаракат қилдик. Фарзандли бўлиш, уни вояга етказиш ота-она учун катта бахт. Билимли фарзанд ўстириш ва унинг ортидан раҳматлар эшитиш икки карра бахт. Фарзандимнинг информатика фани доирасида юксалиб бораётган салоҳиятини, меҳнатларини қадрлайман. Олдида турган масъулиятли вазифани шараф билан адо этишига ишонаман. Аминманки, у глобал миқёсда ҳам рақобатлаша олишини яққол намоён этади.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.
ЎзА