“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида ўтказилган матбуот анжумани мазкур ташкилотнинг 2022 йилдаги фаолияти сарҳисобига бағишланди.
Унда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Урунов жамият томонидан 2022 йил бошидан магистрал электр тармоқлари орқали 66,5 миллиард киловатт соат электр энергияси узатилиб, режа 102 фоизга бажарилганини таъкидлади.
–2022 йил январь-декабрь ойларида экспорт кўрсаткичлари 1,4 миллиард киловатт соат миқдорида бажарилди. Жумладан, Афғонистонга 71,28 миллион АҚШ доллари ҳисобида электр энергияси экспорти ва 30,88 миллион АҚШ доллари миқдорида электр энергиясининг транзит хизматлари амалга оширилди. Шу ўринда импортнинг миқдори 5,6 миллиард киловатт соат ҳажмида бўлганини алоҳида қайд этиш лозим. Бундан ташқари, магистрал электр тармоқларини ривожлантириш ва модернизация қилиш мақсадида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Халқаро тендер савдолари натижаларига кўра, лойиҳалар доирасида иқтисод қилинган маблағларни инобатга олган ҳолда, 2022 йилда барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 89,8 миллион доллар миқдорида маблағлар ўзлаштириш кутилган эди. Бу борада амалга оширилган ишлар натижасида 2022 йил давомида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 112,5 миллион доллар (режа 125,2 фоиз) ўзлаштирилган, яъни шу қийматга тенг бўлган иш ҳажми бажарилган, – деди У.Урунов.
[gallery-10992]
Айтиш жоизки, 2019–2022 йилларда жамият тасарруфидаги электр тармоқларини модернизация ҳамда реконструкция қилиш ишларига катта эътибор қаратилди. Ўтган йил Модернизация дастури асосида 9 та подстанциядаги куч трансформаторларини алмаштириш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида ўрнатилган қувват миқдори қўшимча 1241 мегавольт•амперга оширилиши бунга яққол мисолдир.
Шунингдек, магистрал электр тармоқларида умумий қуввати 848 МВА бўлган 10 дона куч трансформатори, 66 дона 110–500 кВ кучланишли ўчиргич, 14 дона компрессор қурилмаси ва 810,23 километр узунликдаги 110–500 кВ ҳаво линияларини мукаммал таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланди.
–Импортни қисқартириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳам режага мувофиқдир, – деди У.Урунов. – Мисол учун, хориждаги ишлаб чиқарувчи корхоналардан жамият иш фаолияти учун зарур бўлган электр ускуналарини ҳозирда республикамиз ишлаб чиқарувчи корхоналаридан (кучланиш ошиб кетишидан сақлагич қурилмаси) электрон савдолар асосида харид қилиш натижасида импортни қисқартириш ҳажми 268,1 минг долларни ташкил этиб, режа 116,6 фоизга бажарилган. Шунингдек, 2022 йилда тизим корхоналарида жами 21 та янги иш ўрни яратилди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири