Улуғ халқ қудрати жўш урган замон
Пойтахтимиздаги Халқлар дўстлиги санъат саройи олдидаги майдонда 10 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тантанали маросим Давлат мадҳияси садолари билан бошланди. Байрам тадбирини Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Хожиматов очиб берди.
“Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлигининг 29 йиллиги мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, турли давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ташкил этилган тантанали маросимда ҳам таниқли санъаткорлар, спортчилар, адабиётшунослар, ҳарбийлар ва ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимиз давлат рамзлари ҳар биримиз учун азиз ва муқаддас экани, айниқса, улар орасида улуғ халқимизнинг мангу қўшиғи – мадҳиямиз қалбларимиздан чуқур жой олгани алоҳида таъкидланди.
Дарҳақиқат, қалб қўшиғимизга айланган мадҳиямиз халқаро майдонларда ҳам Ўзбекистон номини англатиб янграйдиган эркин ва озод овозимиздир!
[gallery-5024]
Мадҳиямиз тинчлигимиз тимсолидир. У бизни юртимиз равнақи ва тараққиёти йўлида бирлаштириб, Янги Ўзбекистонни кўз қорачиғидек асраш, буюк аждодларга муносиб ворис бўлиш, юксак ишонч билан келажакка қадам ташлашга даъват этади.
1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонунда белгиланганидек, мадҳиямиз Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзидир, унга эҳтиром билан қараш ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик бурчидир.
Тадбир доирасида "Менинг фарзандим — Ўзбекистон фахри" акцияси ўтказилиб, фаол ёшлар ва уларнинг ота-оналари тақдирланди. "Ватаним мадҳиясини куйлайман!" танлови ғолибларига эсдалик совғалари топширилди.
Сабоҳат САИДРИЗО,
ЎзЖОКУ талабаси.