Улуғ мутафаккирларимизни хотирлаб
Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида “Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллиги” муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ҳарбий хизматчилар, профессор-ўқитувчилар, ёшлар, ёзувчи ва шоирлар иштирок этган тадбирда буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоблари бўлган Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бебаҳо ижодий-илмий мерослари нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутиши таъкидланди.


Тадбирда Миллий гвардия “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқувчилари томонидан саҳна кўринишлари намойиш этилди. Жамоат хавфсизлиги университети курсантлари ғазал ва рубойилар ўқиди.
Тадбир доирасида “Темурбеклар мактаби” ва Ҳарбий мусиқа академик лицейи ўқувчиларининг Алишер Навоий кутубхонасига ташрифи ташкил этилди.

Ўқувчи-ёшларнинг тарихимизга оид билим ва кўникмаларини шакллантиришга алоҳида урғу берилди. Миллий тарихий манбалар, аждодлар маънавий меросидан фойдаланишнинг аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ўқувчилар буюк аждодларимизнинг келажак авлод учун қолдирган бой маънавий мероси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.
Гулноза Бобоева, ЎзА