Шундай ижодкорлар бўладики, улар вафотидан кейин ҳам нафақат миллий адабиёт хазинасидан жой олган асарлари, балки ажойиб инсоний фазилатлари, ибратли ҳаёт йўли билан халқимиз хотирасида абадий яшайди. Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ана шундай буюк тарихий сиймолардан эди.
Ҳар йили февраль ойи яқинлашар экан адабиёт, шеърият, ижод ҳақида кўпроқ суҳбатлашамиз. Гап мавзуси айланиб кўпроқ маънавият, маърифатга бориб тақалади. Сабаби, бу ойда Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган сана юртимизда кенг нишонланади.
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туман давлат хизматлари марказида “Боқий маънавий меърос” мавзусида ўтказилган адабий-бадиий анжуман боболаримиз ҳаёти ва ижодига бағишланди.
Унда бошқарма бошлиғи ўринбосари Ж. Қаюмов, Алишер Навоий ва Бобурнинг номи барчамиз учун қадрли эканини, беш асрдан ошибдики, буюк мутафаккирларнинг ижоди, шеърияти, юксак ахлоқий фазилатлар тарғиб этилган достонлари ва насрий асарлари милионлаб мухлисларни ўзига ром этиб, бу ижодкорлар бугун ўзбек халқининг миллий ифтихорига, адабий, маънавий камолот тимсолига айланганлигини алоҳида таъкидлади. Тадбирда Навоий ва Бобурнинг шоир шахси ва ижоди билан боғлиқ маълумотлар берилди.
Ўзбек адабиёти, халқимиз маънавий дунёсининг юксалишига улкан ҳисса қўшган икки буюк шахс – Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди куни олдидан ташкил этилган тадбирда Давлат хизматлари маркази ходимлари, ижодкор ёшлар иштирок этди.
ЎзА