Ултармада янги тиббиёт маскани қурилмоқда
Мамлакатимизда халқ саломатлигини сақлаш, бирламчи тиббий хизмат сифатини юксалтириш, хусусан, қишлоқларда ижтимоий-тиббий инфратузилмани янги босқичга олиб чиқиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг Фарғона вилоятига ташрифидаги топшириқлар асосида тиббиёт муассасаларини замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, соҳадаги муаммоларни ҳал этиш ишларига киришилди. Бунинг учун вилоятга 33 миллиард сўмликдан ортиқ маблағ йўналтириляпти.
Бағдод тумани “Ултарма” маҳалла фуқаролар йиғинида 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Кейинги йилларда ҳудудда бирмунча ташаббуслар, лойиҳалар амалга оширилди.

–Йиғинимиздаги Чекбозор, Қўрғонча, Жарқишлоқ маҳаллаларига сув миноралари ўрнатилди. 6 километр йўл асфальтлаштирилди. Натижада аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш яхшиланди. Қишлоғимиз кун сайин чирой очиб бормоқда. Буларнинг барчаси юртимизда “инсон қадри учун” деган тамойил бош мезон эканидан дарак беради, – дейди “Ултарма” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Комилжон Ҳасанов. – Юртбошимизнинг жорий йил 11-12 июль кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилганди. Натижада изчил ўрганишлар асосида муайян ҳудудларга зарур маблағлар ажратилди. Жумладан, қишлоғимизда янги оилавий шифокорлик пункти қурилиши бошланди.

Таъкидлаш керак, Ултармада шундай оилавий шифокорлик пункти бор эди. Лекин 1967 йилда қурилган бино маънан эскирган, унда замонавий тиббий муолажалар олиб боришнинг имкони йўқ, яроқсиз ҳолга келиб қолган эди.
– Қарийб 15 йилдан буён шу шифокорлик пунктида ишлайман. Очиғини айтсам, иш жойимизнинг кўримсиз, эски ва таъмирталаблигидан уялиб кетардик. Шароит йўқлиги, хоналар етишмаслиги боис бир неча беморни битта хонада кўрикдан ўтказишга мажбур бўлардик. Ёзда иссиқ, қишда совуқ хоналарда ишлашнинг ўзи бўладими? – дейди умумий амалиёт шифокори Зиёдбой Ғойипов. – Президентимизга раҳмат, энди бизда ҳам замонавий, барча талабларга жавоб берадиган шифокорлик пункти бўлади. Бор куч-ғайратимизни, билимимизни халқимиз саломатлигини сақлашга сарфлаймиз, янгича иштиёқ билан ишлаймиз.
Лойиҳага кўра, қурилаётган янги тиббиёт маскани 11 минг аҳолига хизмат қилади. Яъни Ултарма ва Дашт маҳаллалари аҳолисининг узоғи яқин бўлишига замин яратади. Икки қаватли янги бино замонавий тиббий анжомлар билан бойитилади, ҳар бир мутахассис учун алоҳида хона ажратилади. Тез тиббий ёрдам хизмати ҳам ташкил этилиб, махсус автомобиль берилади. Мазкур қурилиш учун 3 миллиард сўм сарфланиши кўзда тутилган. Қурилиш ишлари Янги йил байрами арафасида якунланиб, ҳудуд аҳли учун ўзига хос байрам туҳфаси бўлиши режалаштирилган.
М.Сулаймонов,
ЎзА мухбири