Қулай ҳуқуқий шароит ва рағбат самараси
Мамлакатимиз иқтисодиётининг изчил тараққиётида тадбиркорлик ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг эркин фаолият юритиши учун барча шарт-шароит таъминлаб берилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимиз иқтисодиётининг изчил тараққиётида тадбиркорлик ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг эркин фаолият юритиши учун барча шарт-шароит таъминлаб берилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада янги босқични бошлаб берди. Зеро, унда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш, хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини янада ошириш учун қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ва рағбатлар яратишга оид аниқ йўналишлар белгилаб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида тадбиркорликка оид қонунчилик ва унинг ижросига бағишланган матбуот анжуманида бу борада қилинаётган ишлар таҳлил этилди.
Адлия вазирлиги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Ш.Саидов ва бошқалар ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиз ўрнига 56 фоизга етганини таъкидлади. Соҳага оид қонунчилик такомиллашаётгани тадбиркорларга кенг имкониятлар яратаётир. Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”, янги таҳрирдаги “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар қабул қилинди.
Давлат органларининг хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувини чеклашга доир изчил чоралар кўрилди. Иқтисодий ислоҳотларнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш орқали хусусий секторни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича самарали механизм яратилди.
Жорий йил 20 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга биноан тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатига дахл қиладиган қирқдан зиёд қонун ҳужжатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ундаги ҳуқуқий меъёр ва қоидалар мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини равнақ топтириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш орқали экспорт имкониятларини кенгайтиришга мустаҳкам замин яратди.
Адлия вазирлиги мазкур қонун ижросини таъминлаш борасида зарур чора-тадбирларни амалга ошираётир. Бу борада прокуратура органлари билан ҳамкорликда жойларда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга оид ҳолатлар ўрганилмоқда. Жорий йилда ўтказилган ўрганишларда назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлар фаолиятида 150 ноқонуний текшириш ўтказгани, мингдан ортиқ ҳолатда текширишни ўтказиш тартиби бузилгани, қирқдан ортиқ ҳолатда тадбиркорларнинг маблағлари ноқонуний жалб этилгани ва кўплаб ҳолатларда лицензия ва рухсатнома бериш тартиб-таомилларига риоя этилмагани маълум бўлди. Аниқланган бундай ҳолатлар бўйича қонуний чоралар кўрилди.
Тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларининг бузилиши, ваколатлар доирасидан четга чиқиш, қонун ҳужжатлари нормаларини нотўғри талқин қилиш ҳолатларини тизимлаштириш учун маълумотларнинг йиғма базасини шакллантириш мақсадида идоралараро комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.
“Текширишларни рўйхатга олиш китоби”нинг электрон шакли жорий этилгани тадбиркорларнинг қонуний хуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда. Чунки бу тизим ўтказилаётган текширишлар устидан тўлиқ мониторинг ўрнатиш ва унинг қонунийлиги бўйича назоратни таъминлаш имконини бермоқда. Тадбирда ушбу тизимдан фойдаланиш тартиби хусусида ҳам тушунтириш берилди.
Адлия тизимида жорий этилган 1008 рақамли “ишонч телефони” тадбиркорлик субъектларига ўзларининг бузилган ҳуқуқлари ҳақида зудлик билан мурожаат қилиш имкониятини кенгайтирди. 2015 йилнинг биринчи ярмида тадбиркорлик субъектларидан тўрт юзга яқин мурожаат қабул қилиниб, тегишли тартибда кўриб чиқилди.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.