Қулай сармоявий муҳит самаралари
“Жиззах” махсус индустриал зонасида тежамкор электр чироқлари ишлаб чиқарадиган “Yorqin Chiroqlar” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонаси ишга туширилди.
“Жиззах” махсус индустриал зонасида тежамкор электр чироқлари ишлаб чиқарадиган “Yorqin Chiroqlar” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонаси ишга туширилди.Президентимизнинг 2013 йил 18 мартдаги “Жиззах” махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ҳудудда тадбиркорлар учун яратилган қулай инвестициявий муҳит хорижлик сармоядорларни жалб этишда муҳим аҳамият касб этаётир. Кореялик ҳамкорлар билан шерикликда иш бошлаган корхона ҳудудга тўғридан-тўғри инвестиция жалб этган ҳолда, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, юксак технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг амалдаги ифодасидир.
Йилига 2,5 миллион дона ёруғлик диодли тежамкор электр чироқлари ишлаб чиқариш қувватига эга ва умумий қиймати 2,5 миллион АҚШ долларилик ушбу лойиҳа “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятининг Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва Жанубий Кореянинг “Owеll” корпорацияси ҳамкорлигида бунёд этилди. Корхонада жорий йилнинг учинчи чорагида 21 минг донадан зиёд тежамкор лампа ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Корхонада яратилган 30 доимий иш ўрнининг асосий қисмини касб-ҳунар коллежларини биртирган ёш мутахассислар банд этди.
– Янги турдаги маҳсулотнинг афзаллиги электр энергиясини ўта кам сарфлашидадир, – дейди Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси раҳбари ўринбосари Хайрулла Отабоев. – Ҳозирги кунда мамлакатимизда фойдаланилаётган ўртача 60 ваттли 43 миллион дона оддий чўғланма лампага 6,5 миллиард киловатт соат электр энергияси сарфланади. Агар улар ёруғлик диодли лампаларга алмаштирилса, энергия сарфи 5 миллиард киловатт соатни ташкил этади. Бу ушбу энергияни ишлаб чиқаришга сарфланадиган 1,6 миллиард куб метр табиий газ ёки 5 миллион тонна кўмир ёқилғисини тежаш демакдир.
Қўшма корхона иш бошлаши билан “Жиззах” махсус индустриал зонасида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 6 тага етди. Бундан аввал ҳудудда қуёш иссиқлик панеллари, саноатбоп тикув машиналари, барча турдаги транспорт воситалари учун тормоз колодкалари, гипсокартонларни монтаж қилишда қўлланиладиган турли воситалар, полипропилен қувурлар ва уларни улашда ишлатиладиган қисмлар ишлаб чиқарадиган корхонлар ишга туширилган эди.