Қулай имкониятлар – самарадорлик омили
Фарғона вилоятида ҳам корхоналарнинг барқарор фаолият юритиши, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиши учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Буни қўқонлик ёш тадбиркор Аваз Абдураҳимов раҳбарлик қилаётган “Avilon Kokand” корхонаси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар тўқимачилик ва енгил саноат тармоғини ҳам янада ривожлантириш имконини бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 30 апрелда қабул қилинган маҳаллий истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турини кўпайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.Фарғона вилоятида ҳам корхоналарнинг барқарор фаолият юритиши, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиши учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Буни қўқонлик ёш тадбиркор Аваз Абдураҳимов раҳбарлик қилаётган “Avilon Kokand” корхонаси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Аваз Абдураҳимов тадбиркорлик фаолиятини 2011 йилда синтепон ишлаб чиқаришдан бошлаган. Кейинчалик флизелин ва кўрпа ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бугунги кунда корхонада Туркия ва Хитойдан келтирилган замонавий ускуналар ёрдамида илғор технологиялар асосида болалар ва аёллар кийим-кечаклари, ётоқхона анжомлари, трикотаж полотно ишлаб чиқарилмоқда.
Жорий йилда истеъмолчиларга 400 миллион сўмлик маҳсулот етказиб берилди. Келгуси йили бу кўрсаткични 600 миллион сўмга етказиш режалаштирилмоқда. “Avilon Kokand” корхонаси маҳсулотлар экспортини кенгайтириш борасида фаол иш олиб бораётир. Хусусан, 2014 йилда хорижга қиймати 100 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинди.
Корхонада 60 дан зиёд киши меҳнат қилмоқда. Улар орасида коллеж битирувчилари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Бу ерда меҳнат қилиш ва дам олиш, шунингдек, ходимлар малакасини ошириш учун зарур шароит яратилган.
– Президентимиз ташаббуси билан тадбиркорлик фаолияти учун яратилаётган қулай шароитлар имкониятларимизни янада кенгайтирмоқда, – дейди А.Абдураҳимов. – Бу маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш имконини бераётир.
Корхона жамоаси мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва қўшимча иш ўринлари яратишни муҳим вазифа деб билади. Банкдан олинадиган кредит ҳисобидан матоларни бўяшни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Мазкур жараёнда фойдаланиладиган замонавий ускуналарни харид қилиш учун шартнома тузилди. Янги линиянинг ишга туширилиши натижасида яна 40 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчиси иш билан таъминланади.