Уларнинг қалбида жасорат ва шижоат бор
Ёшлар масаласи давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўсиб келаётган баркамол авлоднинг манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга иқтидорларини намоён қилиши учун яратилаётган шароитлар бугун ўз самарасини бермоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ёш истеъдод эгаларини рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган турли танлов ва тадбирлар ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Кейинги йилларда иш берувчилар билан тузиладиган жамоа шартномаларига ёшлар масаласига оид бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Касаба уюшмалари фаолларининг аралашуви билан минглаб ёш оилаларга турли даражада моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун иш берувчилар томонидан дарслик китоблар ҳамда бошқа ўқув жиҳозлари олиб бериляпти. Тўлов контракт маблағлари тўланмоқда. Аёлларимиз учун ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган иш соатлари қатъий белгилаб қўйилди. Уй-жой қуриш ёки таъмирлаш, маиший техникалар сотиб олиш истагида бўлган ёшларга ҳам амалий ёрдам кўрсатилмоқда.



Касаба уюшмалари томонидан “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” лойиҳаси доирасида ёшларнинг турли қадамжоларга саёҳати ташкил этилмоқда. Жумладан, Нурота туманидаги “Чашма”, Қизилтепа туманидаги қадамжолар, Хатирчидаги “Лангар”, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги зиёратгоҳларга илк бор ташриф буюрган 800 нафардан ортиқ ёшлар айни паллада ўқиш, жамоат ишларида фаол қатнашиш, касаба уюшмалари тизими аъзолари сонини ошириб бориш масалаларида ўз тенгқурларига ҳар томонлама намуна бўлмоқда.



Жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳам ёш авлоднинг энг севимли машғулотлари сирасига киради. Мамлакат, Осиё ва жаҳон мусобақаларида навоийлик ёшлар ҳам муносиб иштирок этмоқда. Ғолиблар сафидан жой эгаллаётир. Бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унинг қуйи тизимларида бўлгани каби Навоий вилояти Кенгашида ҳам ёшларнинг ҳаёти, ижоди, саломатлиги, интилишлари билан боғлиқ муайян режалар белгилаб олинган. Айниқса, улар учун яратилаётган янги иш ўринларининг ҳаққонийлигини таъминлаш, бу борадаги жамоа шартномаларини кенг жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш, кичик бизнес ва тадбиркорликка қизиққан ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларга ссудалар ва субсидиялар ажратиш ҳам режамизда бор. Шуни катта ишонч билан айта оламизки, навоийлик ёшларнинг барча-барчаси бугунги ҳаётидан мамнун, эртанги кундан умидлари катта.
Дилафрўз Ўрозова,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг
Навоий вилояти Кенгаши раисининг ёшлар
масалалари бўйича маслаҳатчиси
ЎзА