Улар бегона эмас, жамиятнинг фаол аъзолари
Юртимизда яшовчи ҳар бир инсон миллати, тили, диний эътиқоди ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ҳам. Лекин уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш алоҳида ёндашув талаб этади. Фақатгина бизда эмас, бутун дунёда шундай тартиб ўрнатилган. Шунинг учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция қабул қилинган. Ушбу ҳужжат 2021 йил 7 июнда мамлакатимиз томонидан ҳам ратификация қилинди.
– Юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган, – дейди Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Самарқанд вилояти бўлими раиси Дилмурод Пардаев. – Айниқса, кейинги йилларда бу борада бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ давлат ногиронлиги бўлган шахслар турмуш фаолияти чекланганлигини баҳолаш асосида уларнинг ижтимоий ёрдам ҳамда ҳимояга бўлган эҳтиёжлари ҳисобига олинишини таъминламоқда. Бунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, улар учун имкониятлар тенглигини таъминлаш, ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар ўрганиши ва бошқа ҳуқуқларини кафолатлаш, ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатидан фойдаланиш каби масалалар давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади.
Бугунги кунда юртимизда ходимлар сони йигирма кишидан ортиқ бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун ходимлар сонининг камида уч фоизи миқдорида иш жойларини белгилайди ва захирада сақлайди. Ногиронлиги туфайли у билан меҳнат шартномаси тузишни ёки иш юзасидан уни юқори лавозимга кўтаришни рад этишга, у билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга, ўзининг розилигисиз бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилмайди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 17 февралда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, жорий йил 1 апрелдан, ногирон бўлиб қолган муддатидан қатъи назар, имконияти чекланган шахсларга бир хил миқдорда – 622 минг сўмга тенг нафақа тайинланмоқда. 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилувчи она-оталарга минимал истеъмол харажатлардан кам бўлмаган миқдорда – 500 минг сўм нафақа жорий этилди. Бундан ташқари ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлашга ҳам катта эътибор қаратиляпти. Уларнинг корхона ва ташкилотларда меҳнат қилишлари учун шароитлар яратилди ҳамда зарур имтиёзлар белгиланди.
Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази билан жамиятимиз ўртасида айни шу йўналишда меморандум имзоланди. Шу асосда марказда ишлаш имконияти ва истагида бўлган жамият аъзолари касбга ўқитиляпти. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 21 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқа инсонларга иш ўринлари яратиш мақсадида йил бошидан буён Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Самарқанд вилоят бўлими қошида 6 та унитар корхона ташкил этилди. Бу корхоналарда 40 нафардан яқин ходимлар, жумладан 20 нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахслар меҳнат қилмоқда.
Бугунги кунда вилоятда 3577 нафар ногиронлиги бўлган аъзолари мавжуд оилалар маҳаллалардаги ижтимоий дафтарларга киритилган. Жорий йилда вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси билан ҳамкорликда 398 нафар ногиронлиги бўлган шахснинг бандлиги таъминланди. Аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида Ургут ва Қўшработ туманлари тажрибаси оммалаштириляпти. Ушбу тажриба асосида қуруқ мевани қадоқлаш ва қайта ишлов бериш корхоналарида ногиронлиги бўлган 19 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Йил давомида аёллар бандлигинитаъминлаш мақсадида белгиланган дастурларга кўра касаба уюшмалари вилоят кенгаши томонидан 39 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизларга тикув машиналари берилди. Эътиборга муҳтож қатламнинг тураржойга эҳтиёжи ва яшаш шароити ҳам доимий эътиборда. Хусусан, бу йил ногиронлиги бор 71 оилага уй-жойнинг бошланғич тўловлари тўлаб берилди. Шунингдек, ижтимоий ёрдамга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган 621 нафар аёлга 587 миллион сўм, II гуруҳ ногиронлиги бўлган 2 минг 125 нафар аёлга 1,9 миллиард сўм бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.
3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан жорий йилнинг 30 ноябридан 30 декабрига қадар юртимизда меҳр-мурувват ойлиги ўтказилиши белгиланди. Ойлик муносабати билан 3 декабрь куни Самарқанд вилояти мусиқали драма театри биносида хайрия марафони ўтказилади. Шундай мурувват тадбири вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ҳам ўтказилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотлар томонидан вилоятдаги ногиронлиги бўлган инсонлар ҳамда “Мурувват” ва “Саховат” интернат уйларида истиқомат қилаётганлар, махсус мактаб-интернатлар тарбияланувчилари, реабилитация марказларида даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олинади. Пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахсларга протез-ортопедия маҳсулотлари, ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси, ҳасса ва қўлтиқтаёқ ва бошқа зарур воситалар тарқатилади. Ойлик давомида вилоятдаги ижтимоий оғир шароитда яшаётган беморлар, ногиронлиги бўлган шахслар соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштириш чоралари кўрилади.
Эътиборли жиҳати, ойликни ўтказиш бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар режасида ҳар бир шаҳар ва туманда камида 5 тадан марказий чорраҳаларни ногиронлиги бўлган шахслар тўсқинликсиз ҳаракатланиши нуқтаи назаридан қайта таъмирлаш ва махсус воситалар билан жиҳозлаш, камида 4 тадан ижтимоий инфратузилма объектларида махсус йўлакчалар (пандуслар) ташкил этиш ва электрон таблолар ўрнатиш, бинолар ичкарисини махсус тутқич ва мосламалар билан таъминлаш каби вазифалар белгиланган. Бу ишлар ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятнинг фаол ва тенг ҳуқуқли аъзолари сифатида эмин-эркин ҳаракат қилиши, меҳнат фаолиятини олиб боришига хизмат қилади.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА