Украина бош вазири Денис Шмихал истеъфога чиқиш ҳақида ариза берди, деб ёзмоқда “Kyiv Post” нашри. Зеленский унга мудофаа вазири лавозимини таклиф қилган.
Бош вазирнинг истеъфога чиқиши Вазирлар Маҳкамаси таркибини ишдан бўшатишга сабаб бўлади. Бироқ Украина “Ҳарбий ҳолатнинг ҳуқуқий режими тўғрисида”ги қонунининг 10-моддасига кўра, ҳарбий ҳолат даврида Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари тугатилиши мумкин эмас.
Олий Рада бугун вазирларни ишдан бўшатиш масаласини кўриб чиқади. Янги номзодлар бўйича овоз бериш эртанги кунга белгиланган.

Денис Шмихал 2020 йилнинг 4 мартидан бери мамлакат бош вазири лавозимида ишлаб келаётган эди. Ҳарбий ҳолат туфайли унинг ваколат муддати Украина тарихидаги энг узоқ – беш йилдан ортиқ муддат бўлди.
Украина етакчиси Владимир Зеленский ҳукумат раҳбари лавозимига бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко номзодини илгари сурганини маълум қилди. Бироқ Конституцияга кўра, бош вазир лавозимига номзод парламентдаги кўпчилик овоз билан кўрсатилиши керак.
Шмихал 2015 йилдан 2017 йилгача чакана савдо билан шуғулланган, “Лвивхолод” компаниясининг бош директори ва кузатув кенгаши аъзоси бўлиб ишлаган. 2019 йилдан 2020 йилгача Ивано-Франкивцк вилояти раҳбари бўлган. Шунингдек, у Олий Раданинг 7-чақириғида “УДАР” партияси депутати Роман Чернега ёрдамчиси бўлиб фаолият юритган.
Ў.Алимов, ЎзА