Фуқаролик ишлари бўйича Юқори Чирчиқ туманлараро судининг 2013 йил 15 мартдаги буйруғига асосан Т.Г.нинг фойдасига унинг тарбиясидаги икки нафар вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун қарздор Э.О. дан ҳар ойдаги жами даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган эди.
Қарздор томонидан алимент тўлови мунтазам равишда тўлаб келинмаганлиги оқибатида унинг қарзи 57 миллион сўмдан ошиб кетган. Шу сабабли Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туман бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасига мувофиқ қарздорга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, унинг жавобгарлик масаласини ҳал этиш мақсадида тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судига юборилган.
Иш материаллари кўриб чиқилаётган даврда қарздор Э.О. суд жараёнларининг бирига келмай қолган. Суд томонидан қарздор Э.О.га нисбатан қидирув эълон қилинган, у топилганидан сўнг қамоқга олиш ва тергов ҳибсхонасига жойлаштириш тўғрисида ажрим чиқарилган. Қарздор жорий йилнинг 6 май куни Тошкент шаҳридан топилиб, тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Ушбу воқеадан хабар топган қарздорнинг укаси С.О. акасининг 57 миллион сўмдан ортиқ қарзининг ҳаммасини 7 май куни тўлаб берган. Эндиликда қарздорнинг жиноий жавобгарликдан озод этилиши масаласи Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди томонидан кўриб чиқилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири