Аввал хабар қилинганидек, бугун пойтахтимиздаги “CAEx Uzbekistan” халқаро кўргазмалар марказида “Ўзбекистон энергетика ҳафталиги - UEW 2025”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар, ишбилармон доиралар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда экспертлар мазкур нуфузли ҳафталикнинг энергетика соҳасини ривожлантиришдаги муҳим аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
Жўрабек Мирзамаҳмудов – Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири:
– Ўзбекистон энергетика ҳафталиги ушбу соҳадаги янгиликлар ва ислоҳотлар юзасидан халқаро ҳамкорлар, мутахассислар ва технология етказиб берувчилар билан очиқ мулоқот олиб бориш имконини беради. Бу бевосита Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида қайта тикланувчи энергия манбаларини жадал жорий этиш ва энергия самарадорлигини ошириш каби устувор вазифаларни амалга ошириш тадбирлари билан ҳам боғлиқдир.
Ушбу ҳафталикда 32 мамлакатдан 650 та компания ва бренд, 90 дан зиёд эксперт ҳамда 3400 нафар иштирокчи қатнашмоқда. Бу халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистон энергетика соҳасига бўлган катта қизиқишидан далолат беради.
Энергетика соҳасида 2019 йилдан буён туб ислоҳотлар амалга оширилди, хусусан, назорат, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш фаолиятлари бир-биридан ажратилди, бозор механизмлари жорий этилди. Бу эса тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини кучайтиришга хизмат қилди. Янгиланган ҳуқуқий база ва декарбонизацияга қаратилган чора-тадбирлар туфайли соҳа янада очиқ ва шаффоф тус олди.
Сўнгги беш йилда энергетикага жалб этилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 25 миллиард АҚШ долларидан ошди. Электр энергиясини ишлаб чиқариш қуввати 50 фоизга ошиб, 25 гигаваттга етди. Инфратузилма кенг кўламда модернизация қилинди. Қуёш ва шамол энергиясига ихтисослашган 4 гигаваттлик иншоотлар ҳамда 300 мегаваттли энергия сақлаш тизимлари ишга туширилди.
2025 йилда яна 3,5 гигаваттлик қайта тикланувчи энергия манбалари ва 1,8 гигаваттли энергия сақлаш тизимлари фаолият бошлаши режалаштирилган. 2030 йилгача электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи манбалар улушини 54 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Анъанавий энергетика соҳаси ҳам ривожланмоқда. 2019 йилдан буён 17 та иссиқлик ва 21 та гидроэлектр станцияси (умумий 5,6 гигаватт қувватда) ишга туширилди. 1 400 километр юқори кучланишли ва 46 000 километр паст кучланишли электр тармоқлари қурилди ва янгиланди, трансформатор подстанциялари модернизация қилинди.
Президентимиз белгилаб берган устувор йўналишлардан бири халқаро ва минтақавий ҳамкорликдир. Бу борада Қирғизистон ва Қозоғистон билан "Қамбарота ГЭС”, Тожикистон билан “Роғун ГЭС” ва “Явон ГЭС” лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шунингдек, Озарбайжон ва Қозоғистон билан биргаликда Европага “яшил” энергия экспорт қилишга қаратилган “Green Corridor” лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Ўзбекистон, шунингдек, Афғонистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қозоғистон билан ҳам энергетика савдоси ва транзитини фаол амалга оширмоқда.
Фуад Моса – Саудия Арабистони энергетика вазири ўринбосари:
– Аввало, Ўзбекистонга, айниқса, энергетика вазирлигига самарали ва изчил ҳамкорлик учун самимий миннатдорлик билдираман. Энергияни мамлакатимиз тараққиёти ва келажак стратегиямизнинг марказий омилларидан бири сифатида кўрамиз. Шу боис, барқарор ижтимоий ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш учун энергетика салоҳиятини мувозанатлаштириш ва ундан оқилона фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.
Бу йўлда, аввало, нефть, газ, қуёш ва шамол ресурслари бўйича мавжуд имкониятларимизни чуқур таҳлил қилдик. Шунингдек, биз ядро энергетикасини ривожлантириш ниятидамиз. Водород ишлаб чиқариш ҳам режаларимиз қаторида. Энергетика тизимини шакллантиришда бир қатор муҳим омилларни инобатга оламиз. Аввало, мамлакатимизнинг барча секторлари ривожи учун етарли энергия таъминоти кафолатланган бўлиши лозим. Бу борада энергияга бўлган талабни аниқ таҳлил қилиш алоҳида аҳамият касб этади.
Чунки, Саудия Арабистонида саноат, транспорт ва қишлоқ хўжалиги каби соҳалар бир вақтнинг ўзида жадал ривожланмоқда. Ушбу соҳаларнинг барчаси тўлиқ энергия манбаларига боғлиқ. Шунинг учун ҳам ресурслардан оқилона фойдаланиш, энергияга бўлган талабни аниқ баҳолаш ҳамда нефть, газ ва қайта тикланувчи манбаларни қаерда ва қандай миқдорда ишлатиш кераклигини белгилаб олиш жуда муҳим. Ҳозирда биз нефть ва газдан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқармоқдамиз. Масалан, Саудия Арабистонида кунига бир миллион баррел нефть фақат электр энергияси ишлаб чиқариш учун сарфланади. Бу айрим давлатлар учун улкан бойлик саналади. Биз эса бу бойликни самарали йўналтириб, иқтисодий ривожланишга хизмат қилдиришга қарор қилдик. Шу билан бирга, барқарор ва экологик жиҳатдан тоза давлатга айланишни мақсад қилганмиз. Шу сабабли, 2030 йилгача электр энергиясини ишлаб чиқаришда 50 фоизини қайта тикланувчи манбалар, 50 фоизини эса газга асосланган иссиқлик электр станциялари ҳисобига таъминлашни режалаштирганмиз. Шу маънода, ушбу тадбирда иштирок этиш биз учун ҳам аҳамиятлидир.
Дато’ Ҳажи Мад Заиди бин Моҳд Карли – Малайзия энергетика транзити ва сув трансформацияси вазирлиги (PETRA) бош котиби:
– Малайзияда “Миллий энергетик транзит йўл харитаси” мавжуд. Унга асосан биз катта мақсадларни белгилаганмиз. Масалан, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳиссасини 70 фоизга етказиш ниятидамиз. Аммо бундай мувозанатни таъминлаш осон эмас, бу йўлда бир қатор муаммолар мавжуд. Бунда молиявий ресурслар ва капитал салоҳиятини ошириш ҳам талаб этилади. “Йўл харитаси”да белгиланган устувор йўналишлардан бири – бу турли халқаро ташкилотлар ва давлатлар билан ҳамкорлик ва мулоқотни кенгайтиришдир.
Мен Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан учрашув ўтказдим. Ўйлайманки, бизда умумий манфаатлар мавжуд. Биз ўхшаш мақсадлар сари ҳаракат қиляпмиз. Шу боис, Ўзбекистоннинг тажрибаси биз учун ўрнак бўлиши мумкин.
Узоқ муддатли барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ESG (экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув) муҳим роль ўйнайди. Агар 5 йил олдинги ҳолатни эсласак, ноль эмиссия ташаббуслари доирасида кўплаб банклар ҳатто табиий газга оид лойиҳаларни ҳам молиялаштирмасди. Кейинчалик бу позиция ўзгарди.
Албатта, ҳукумат аралашувисиз катта ислоҳотларни амалга ошириш қийин. Малайзия ҳукумати, энергетика вазирлиги бу мақсадга жиддий ёндашмоқда. Биз хусусий секторни ҳам ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватлашга ундаяпмиз. Бу ислоҳотларни 2050 йилгача тўлиқ амалга оширишни мақсад қилганмиз. Шу маънода, Ўзбекистон энергетика ҳафталиги янги ҳамкорлар топишда биз учун қулай имкониятдир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.