Ҳудудларда «Беморларни қайд этиш китоби» юритилади
Бу саволга Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева шундай жавоб берди.
Аҳоли мурожаатлари ҳамда фуқаролар йиғинларида шакллантирилган рўйхатлар асосида жорий йилнинг 14 июлидан 22 июлига қадар 145 минг 154 ишсиз ва эҳтиёжманд оилага 14 миллиард сўмликдан зиёд озиқ-овқат маҳсулотлари, 330 оилага эса қиймати 52 миллион 400 минг сўм миқдордаги дори-дармонлар етказиб берилди.
Айни вақтда коронавирус касаллигига чалинган ёки ўзида касаллик аломатларини ҳис қилаётган фуқароларнинг уй шароитида даволаниши бўйича маҳаллаларнинг ўзида маълум гуруҳлар ташкил этилса бўлмайдими? Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бу борада қандай ишларни амалга оширяпти?
Бу саволга Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева шундай жавоб берди.
“Аҳолиси орасида коронавирус касаллигига чалинган беморлар сонининг ошиб бориши натижасида зарур тиббий ва бошқа ёрдам турларини кўрсатишда айрим муаммолар юзага келаётгани бор гап. Шу сабабли касаллик юқтирган шахсларни аниқлаш ҳамда уларни даволашда алоҳида ёндашув асосида иш олиб бориш зарурати туғилмоқда.
Мавжуд муаммоларни ечишда алоҳида ёндашиш, шунингдек, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида «Коронавирус касаллигига чалинган беморларни уй шароитида даволаш ҳамда уни назорат қилиш бўйича ягона тизим» ишлаб чиқилди ҳамда босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилмоқда.
Мазкур ташаббус орқали бемор, ҳудудий тиббиёт муассаса ходими, МФЙ раиси, профилактика инспектори ва Миллий гвардия ходими ўртасида ўзаро боғловчи занжир пайдо бўлади ҳамда барча эътибор беморнинг касалликдан фориғ бўлиши, бунинг учун зарур шарт-шароитларни яратиб беришга қаратилади. Яна бир муҳим жиҳати шуки, тизимга жалб қилинган масъул ходимлар фақат уй шароитида даволанаётган беморлар билан иш олиб боради.
Бунда уй шароитида даволанишга ўтказилган беморнинг яшаб турган хонадони 10 кун муддатга карантинга олинади. Уни профилактика инспектори ҳамда Миллий гвардия ходимлари доимий қўриқлайди.
Қайд этиш керакки, жорий қилинаётган янги тизим орқали ҳар куни туман тиббиёт муассасаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Ички ишлар ҳамда Миллий гвардия бўлимлари ўртасида доимий ахборот алмашинуви амалга оширилади. Бунда ҳар бир маҳалла кесимида аниқланган беморларнинг тоифаланган рўйхати шакллантирилади ва шу асосида аҳоли хонадонлари билан манзилли иш олиб борилади. Шунингдек, «Беморларни қайд этиш китоби» юритилиб, беморлар уч тоифа (касаллик аломати оғир, касаллик аломати енгил, касаллик аломати бўлмаган) асосида қайд этиб борилади.
Ўрнатилган тартибга кўра, вакиллар назоратга олинган хонадонлардан ҳар куни икки маротаба жойига чиққан ҳолда ёки телефон орқали хабар олади.
Бемор фуқароларга зарур озиқ-овқат ва қўшимча дори-дармон маҳсулотлари МФЙ раислари ва профилактика инспекторлари, шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги жалб қилган волонтёрлар томонидан карантин ва назоратга олинган хонадонлар эшиги олдидаги махсус саватчаларга қолдирилади.
Бемор белгиланган 10 кунлик карантин муддатини тугатгач, тиббиёт муассасаси хулосасига кўра карантиндан чиқарилади ёки карантин муддати узайтирилади.