Ҳудудлар ўртасида ва энергетика соҳасида янги давр
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор “Ўзбекистон – Россия” ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ташкил этилди. “Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтган форумда Россия ҳудудлари, етакчи компания ва саноат корхоналари раҳбарлари – жами мингдан зиёд киши иштирок этди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор “Ўзбекистон – Россия” ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ташкил этилди. “Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтган форумда Россия ҳудудлари, етакчи компания ва саноат корхоналари раҳбарлари – жами мингдан зиёд киши иштирок этди.Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ушбу форумга ташриф буюрди.
Биз стратегик шеригимиз ва иттифоқдошимиз – Россия Федерацияси билан барқарор ва ишончли муносабатларимизни юксак қадрлаймиз. Ушбу форумнинг юқори нуфузи ва юксак даражада ташкил этилгани икки томон ҳам ҳамкорликдан манфаатдор экани, бу борада улкан салоҳият мавжудлигининг яна бир ёрқин тасдиғидир, деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистон ва Россия ҳудудлараро алоқаларга муҳим аҳамият қаратмоқда. Кейинги пайтда бу янада фаоллашди. Ўзаро 40 дан ортиқ ташриф уюштирилди. Сентябрь-октябрь ойларининг ўзида Ўзбекистоннинг 14 ҳудуди раҳбарлари Россиянинг 26 субъектида бўлиб қайтди. Бунинг натижасида маҳсулот етказиб бериш учун янги бозорларга йўл очилди, иш ўринлари яратилди, аҳоли учун қўшимча даромад манбаи пайдо бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини айнан ҳудудлар раҳбарлари ва тадбиркорлар белгилашини таъкидлади. Юқори технологияли қўшма корхоналар ташкил этиш, харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва учинчи мамлакатлар бозорини ўзлаштириш учун кооперацияни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Ҳудудлар ўртасидаги кўп қиррали алоқалар икки томонлама муносабатларнинг энг муҳим бўғинидир. Шу сабабли Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу форумни Тошкентда ва айнан шу ташриф доирасида ўтказиш ташаббусини мамнуният билан қўллаб-қувватладик, деди Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин.
Эришилган келишувларга мувофиқ, Россиянинг Иваново вилояти компаниялари иштирокида мамлакатимизда қўшма тўқимачилик кластерлари, Москва бозорларига мева-сабзавот етказиб бериш учун Сурхондарё вилоятида замонавий агромажмуа, Свердловск вилояти билан ҳамкорликда Қашқадарё вилоятида енгил ва оғир металл конструкциялар заводи, татаристонлик шериклар билан биргаликда Тошкент вилоятида кимёвий ўғитлар ва Қорақалпоғистонда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришда Москва, Бошқирдистон, Оренбург ва Россиянинг бошқа субъектларидаги улгуржи-тақсимот марказлари инфратузилмасидан фойдаланиш режалаштирилмоқда. Бундай лойиҳалар жуда кўп.
Энг муҳими, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида мустаҳкам ва узоқ муддатли шериклик муносабатлари қарор топди.
Форумда ишбилармонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий масалалари, аниқ лойиҳа ва дастурлар муҳокама қилинди. Уларнинг натижасида умумий қиймати 2 миллиард долларлик келишув ва шартномалар имзоланди.
Президентимиз Ҳудудлараро ҳамкорлик форумини ҳар йили ўтказиш таклифини илгари сурди.
Россия Президенти Ҳудудлараро форум ҳар йили ўтказилиши мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшиши, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий, гуманитар алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
“Ўзэкспомарказ”да мамлакатимиздаги биринчи атом электр станцияси қурилиши лойиҳасининг бошланишига бағишланган тантанали маросим ҳам бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин рамзий тугмани босиб, ушбу йирик лойиҳага старт берди.
Тадбирни видеоалоқа орқали кузатиб турган “Ўзатом” агентлиги ва “Росатом” давлат корпорацияси мутахассислари Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси қурилиш майдонини танлаш учун муҳандислик тадқиқотлари бошланганини эълон қилди.
Бугун биз Россия Федерацияси билан ҳамкорликнинг янги стратегик йўналиши – атом энергетикасини ривожлантиришга қўл урмоқдамиз. Ушбу лойиҳа мамлакатимиз иқтисодиётида янги тармоқни вужудга келтиради. Бу саноат салоҳиятини янада ривожлантириш ва иқтисодиётимизнинг турли тармоқларида янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади, деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ, атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.
Хорижий лойиҳалар сони ва кўлами бўйича жаҳонда биринчи ўринда турадиган – 12 мамлакатда 34 та энергоблок бунёд этган “Росатом” корпорацияси билан Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриш тўғрисида келишувга эришилди. Ушбу станция ҳар бири 1 минг 200 мегаватт қувватга эга иккита, “3+“ авлодига мансуб энг замонавий ва хавфсиз энергия блокидан иборат бўлади. Улар Халқаро атом энергияси агентлигининг барча хавфсизлик талабларига жавоб беради.
Атом энергияси экологик тоза бўлиб, бундай станциялар ис гази ҳосил қилмайди. Атом электр станциясининг ишга туширилиши натижасида катта миқдорда табиий газ иқтисод қилинади, атмосферага карбонад ангидрид чиқарилиши йилига 14 миллион тоннагача, азот оксидлари чиқарилиши 36 минг тоннага камаяди.
Ўзбекистон Халқаро атом энергияси агентлигига аъзо давлат сифатида ўз зиммасига олган мажбуриятларга мувофиқ ядровий хавфсизлик масалаларига катта эътибор қаратмоқда. Ушбу лойиҳани амалга оширишда АЭС қурилиши бўйича барча халқаро талабларга қатъий риоя қилинади.
Халқаро атом энергияси агентлиги мутахассислари Ўзбекистоннинг Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш миллий дастурини амалга ошириш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади ва уни рўёбга чиқаришда ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.
Аввал эришилган келишувларга мувофиқ, Тошкентда “Москва муҳандислик-физика институти“ миллий тадқиқот ядро университети“ филиалини очишга оид қарор қабул қилинди. Келаси ўқув йилида ушбу филиал илк талабаларни қабул қилади.
Жорий ўқув йилидан бошлаб 30 нафар ўзбекистонлик талаба Москвадаги ушбу нуфузли олий билим юртида таълим олмоқда. Уни битиргач, талабаларимиз юқори малакали мутахассис бўлиб етишади ва атом электр станциясининг хавфсиз ишлашини таъминлайди.