Учрашувларда тадбиркорларнинг муаммолари ҳал этилмоқда
Бугунги кунда ҳудудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Учқудуқ туманида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.
Учқудуқ туман ҳокими Учқун Елмуратов ҳамда туман прокурори Мақсуд Ортиқовлар иштирокида ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлар билан ўтказилган мулоқотида ҳам янги иш ўринлари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир аввалида тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилганлиги, шунингдек, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этиш тартиблари тушунтирилди. Туман ва шаҳар тоифасидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларига қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш тартиби натижадорлигини баҳолаш механизмлари жорий этилаётганлиги таъкидланди.
Мулоқот давомида тадбиркорларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди. Жумладан, “SMART SELLING 007” МЧЖ раҳбари Шерзод Холиқов умумий овқатланиш, маиший хизмат ва савдо нуқталари жамланган 3 қаватли мажмуа ҳудудида енгил конструкцияли қўшимча бино қуриш таклифини илгари сурди. Ушбу таклиф жойида ўрганилиб, қўллаб-қувватланди.

– Бугунги кунда мажмуамизда аҳолига ўнлаб хизмат турлари ташкил этилган, – дейди тадбиркор Ш.Холиқов. – Ҳозирда 30 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Учрашувда ўз маблағимиз эвазига енгил конструкцияли қўшимча бино барпо этиш таклифини билдирдик. Бу ерда музқаймоқ ва яхна ичимликлар савдоси йўлга қўйилади. Натижада яна янги 10 та иш ўрни яратилади.
Албатта, бу каби очиқ мулоқотлар натижасида тадбиркорларнинг йиғилиб қолган муаммолари ўз ечимини топмоқда. Натижада билдирилган фикрлар амалий ҳаракатга айланиб, янги ташаббусларга йўл очмоқда.

А.Бўриев, ЎзА мухбири