Учқудуқлик истеъмолчиларга ҳам ID-карталар берилмоқда
Навоий вилоятининг Кармана, Қизилтепа, Конимех, Навбаҳор, Нурота, Хатирчи туманлари ва Зарафшон шаҳрида суюлтирилган газ билан таъминланадиган маҳалла ва овулларга суюқ газ тўлдириш шохобчалари орқали тарқатилса, вилоят марказидан 300 км узоқликда жойлашган Учқудуқ тумани ва шаҳри истеъмолчилари “Учқудуқ” газ тўлдириш станцияси орқали суюқ газ билан таъминланади.
– Станциянинг кунлик қабул қилиш қуввати 270 тонна ва кунлик тарқатиш қуввати 20,4 тоннадан иборат, – дейди “Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали матбуот хизмати раҳбари Зебо Қутлиева. – Айни кунда тумандаги истеъмолчиларнинг 6850 тасига газ қувурлари орқали, 2846 тасига эса шартнома асосида маиший газ баллони орқали суюқ газ етказилмоқда. Йил бошидан буён ҳудуддаги истеъмолчилар маиший газ баллони орқали қарийб 130 тонна, қувур орқали эса 624,5 тонна суюлтирилган газ билан таъминланган.
Суюлтирилган газ таъминотининг автоматлаштирилган тизимини кенг жорий этиш ишлари “Uchquduqtumangaz” газ таъминоти бўлими томонидан ҳам жадаллик билан олиб борилмоқда. Айни пайтда туманда 621 нафар суюлтирилган газ истеъмолчиси мавжуд бўлган “Йўлчилар” маҳалласида ID-карта тарқатиш ишлари бошлаб юборилди.
– Тумандаги жами 9 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғинига маиший газ баллон билан суюлтирилган газ тарқатилади, – дейди бўлимнинг суюлтирилган газ таъминоти хизмати бошлиғи Шаҳбоз Тошмуродов. – ID-карта тарқатишни “маҳаллабай” тизимда бошладик. Истеъмолчиси энг кўп бўлган “Йўлчилар” маҳалласида жараён давом этмоқда. Мутахассисларимиз карантин қоидаларига амал қилган ҳолда хонадонма-хонадон юриб, ҳужжатларни расмийлаштирган ҳолда карта тарқатаяпти. Маиший газ баллонга ўрнатилган стикерга тегинмаслик, ID-картани учинчи шахсга бермаслик борасида истеъмолчиларга тушунтириш ишларини олиб бораяпмиз.
Маълумотларга кўра, ҳозиргача 316 нафар истеъмолчига ID-карта расмийлаштирилган. Маиший газ баллон тарқатиш ишларига эса 2 та транспорт воситаси жалб қилинган.
Абдували Бўриев, ЎзА