Юртимизда тадбиркорларга яратилаётган шароит ва қулайликлар сабаб бугун кўплаб фуқаролар ўз бизнесини йўлга қўйиб, Ватан тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиш учун интилмоқда. Бу жараёнда Давлат хизматлари агентлиги ҳамда унинг жойлардаги марказлари муносиб ҳисса қўшмоқда.
Наманган вилояти Учқўрғон туманида ҳам ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, эл-юрт фаровонлиги йўлида хизмат қилаётган ишбилармонлар кўплаб топилади. Шундай фуқаролардан бири иккинчи гуруҳ ногиронлиги бор Муҳаррам Абдураҳимовадир.
Болалигиданоқ тўқувчиликка меҳр қўйган ёш тадбиркор аввалига маҳалладаги устазода ҳунармандлардан тўқиш сир-асрорларини ўрганиб, бир-биридан бежирим кийим-кечаклар тайёрлади. Қўл меҳнати ёрдамида тайёр ҳолга келтирилган маҳсулотларни сотиб, оиласи даромадига ўз ҳиссасини қўша бошлади.
Унинг тиришқоқлиги, креатив ёндашиб, замонавий кийимлар тўқишидан хабар топган қўни-қўшнилари унга шогирд тушди. Лекин хотин-қизларга тўқувчиликни ўргатиш учун жой муаммоси бор эди. Шу боис у туман ҳокимлигига мурожаат қилди.
Матонатли чевардаги ғайратуф шижоатни кўрган ҳокимлик мутасаддилари Деҳқонобод маҳалласидаги бўш турган бинони ижара асосида фойдаланишга берди. Орадан кўп ўтмай Муҳаррам Учқўрғон тумани Давлат хизматлари маркази томонидан тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилди. Ортда қолган икки ой давомида “Аёллар дафтари”га киритилган 10 нафар хотин-қизни иш билан таъминлади. “Уста-шогирд” анъаналари асосида эса яна саккиз нафар маҳалладошига устозлик қилмоқда.
Яна бир тадбиркор Музаффар Азимов Давлат хизматлари марказида кўрсатилаётган хизматлардан мамнун. У ака-укалари билан биргаликда кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, ўтган йили 50 сотих ер майдонида замонавий иссиқхона барпо этиб, аҳоли дастурхони учун бодринг ва помидорларни пешма-пеш етказиб бермоқда. Ҳозирда мазкур иссиқхонада 10 кишининг бандлиги таъминланган. Бир ойдан ортиқ вақт оралиғида аҳолига 50 тоннага яқин тайёр маҳсулот тортиқ этилди.
– Тадбиркорлик фаолиятимизни йўлга қўйиш ва унинг кўламини кенгайтиришимизда туман Давлат хизматлари марказининг ўрни беқиёс, – дейди Музаффар Азимов. – Бу борада бизга марказ ходимларининг ҳуқуқий маслаҳати, шунингдек, тез ва сифатли хизмат кўрсатиши туртки бўлди.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Учқўрғонда туман ДХМ томонидан 377 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди. Шуларнинг 230 нафари якка тартибдаги тадбиркорлардир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА