Учқўрғонда лимон йиғим-терими қизғин
Наманган вилояти Учқўрғон туманида лимон ҳосилини йиғиб олиш ишлари қизғин давом этмоқда. Ҳудудда лимончиликни ривожлантириш, ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Бугунги кунда туманда қарийб 200 гектар майдонда лимон етиштирилади. Хўжаликларда замонавий агротехнологиялардан фойдаланиш, маҳсулот сифати ва ҳосилдорликни ошириш борасида изчил ишлар олиб бориляпти.
Хусусан, тумандаги «Citrus City» масъулияти чекланган жамиятида 8 гектар майдонда лимон парваришланмоқда. Замонавий иссиқхоналарда етиштирилган ҳосил ички бозорга етказиб берилади.
Масъулияти чекланган жамиятида 50 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган. Мавсумий ишлар даврида эса 200 нафарга яқин аҳоли вақтинчалик ишга жалб этилиб, даромад топиш имкониятига эга бўлади.
Лимончиликни янада ривожлантириш, маҳсулотни сақлаш ва сотиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида корхонада 100 тонна сиғимга эга совуткичли омбор ташкил этиш режалаштирилган.
[gallery-32357]
Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши етиштирилган ҳосилни сифатли сақлаш, бозорга узлуксиз етказиб бериш ҳамда келгусида экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА