Учкураш бутун жаҳон спорт курашларининг пойдеворидир
Замонавий Ёзги Олимпия ўйинларига 1894 йилда француз олими, халқаро даражадаги спорт устаси, 1919-1925 йилларда Халқаро Олимпия қўмитаси президенти лавозимида ишлаган Пьер де Кубертен томонидан асос солинган.
1912 йили П. Кубертен ташаббуси билан бешкураш (пентатлон) спорт тури ёзги Олимпия ўйинларига киритилган.
1920 йили Кубертен ташаббуси билан Францияда триатлон (учкураш) спорт тури пайдо бўлади. Бу спорт тури пентатлон (бешкураш)дан сузиш ва югуриш спорт турларини олиб, учинчи спорт тури сифатида велосипед спорт турини қўшиб, триатлон деб номладилар.
1981 йили Триатлон Халқаро уюшмаси ташкил этилди.2000 йилда Сидней шаҳрида ўтказилган Ёзги олимпия ўйинларига триатлон спорт тури киритилди.
Кейинги йилларда яна французлар дуатлон (иккикураш) спорт турини шакллантирдилар. Дуатлон спорт тури триатлондан олинган бўлиб, спортчи аввал югуради, кейин велосипед ҳайдайди ва охирида яна югуради. Ҳозирда дуатлон спорт тури оммавийлашиб бормоқда ва Триатлон халқаро уюшмаси қошида ўз фаолиятини олиб бормокда.


Спортчи олим, техника фанлари номзоди, кураш, самбо ва дзюдо спорт турлари бўйича спорт устаси ўзбекистонлик Норқули Юсупов 2000 йиллардан бошлаб яккакурашлар бўйича изланишлар олиб бориб, бутун жаҳондаги миллий курашларни 15 йил давомида илмий, амалий ва тарихий ўрганишлар асосида шу нарса аниқ бўлдики, бутун дунёдаги Олимпия ўйинлари тури ёки Олимпия ўйинлари турига кирмаган миллий курашларнинг асоси учкурашдан иборат эканлиги тўлиқ исботланди ва 2015 йили Ўзбекистонда янги учкураш спорт турига асос солинди.
Учкураш спорт тури яктакли ва яктаксиз йўналишлардан иборат. Учкурашнинг яктакли ва яктаксиз йўналишларида курашчи бир вақтнинг ўзида учта спорт тури – кураш, беллаш ва олиш билан курашади.


Учкураш спорт тури билан дунё курашчиларнинг курашиш раундлари учбурчак шаклидаги ҳаракатларга таянган ҳолда учбурчаклардан иборат учкураш чархпалаги яратилди.
Учкураш чархпалагида ҳар бир яктакли ва яктаксиз йўналишлар 1 дан 6 гача бўлган сонлар билан белгиланди. Ҳар битта сон бир-бирига ўхшаш курашлар йўналишини яъни дунёдаги давлатлардан бирининг миллий кураши бўлади.
Мусобақа келишилган учбурчак асосида ўз қоидаларига мос равишда ўтказилади. Бу ерда мусобақадан олдин мезбон давлат бошқа 2 та давлат курашини ўзи танлаб олиш ҳуқуқига эга бўлади ва ўзи танлаган курашлар асосида учкураш бўйича халқаро мусобақаларни ўтказади.
Учкураш спорт турининг энг катта ютуғи, яктакли ва яктаксиз йўналишларини тўлиқ эгаллаган профессионал курашчи хорижий давлатларнинг барча миллий курашларида бемалол кураша олади ва дунёдаги барча Олимпия уйинлари ва Олимпия ўйинларига кирмаган кураш турларидаги курашчилардан ҳар томонлама бир поғона юқори туради. Учкураш спорт тури дунёда энг кучли курашлар селекцияси ҳисобланади.
Учкураш спорт тури 2015 йил 15 январда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан “Бел олиш ва учкураш ассоциацияси” бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилди ва бугунги кунда республика бўйича доимий мусобақалар ўтказилиб келинмоқда.
2016 йил 6-7 февраль кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида “United World Wrestling” Халқаро ташкилоти раҳномалигида бутун жаҳон миллий спорт турларининг I Халқаро Форуми ўтказилди. Ушбу форумда 50 тадан ортиқ давлатлар қатнашди.
ЎзА