Учкўприкда ишсиз ёшларга ер ажратиб берилди
Фарғона вилоятида ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш ва турмуш шароитини янада яхшилаш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Хусусан, “Ёшлар дафтари”га киритилган, қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилиш истагида бўлган ишсиз ёшларга деҳқончилик учун ер ажратиб бериш ишлари давом этмоқда.
Учкўприк тумани мисолида буни яққол кўриш мумкин. “Бобошбек фермер хўжалиги”, “Муллаев Муқимжон Зиёси”, “Аброрбек қувонч нури” фермер хўжаликлари тасарруфидаги экин майдонидан 4 гектар ер Бобошбек, Яккатут, Катта кенагас маҳаллаларида истиқомат қилувчи 40 нафар ишсиз ёшга 10 сотихдан ажратиб берилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов, Учкўприк тумани ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Шу ернинг ўзида соҳа мутахассислари томонидан ёшларга эртанги экинлар турлари, уларни экиш ва парваришлаш агротехникаси ҳақида батафсил тушунчалар берилди.
– Етти йилдан бери Россия ва Қозоғистонда ёлланма ишчи бўлиб меҳнат қилардим, – дейди Достон Нуралиев.
– Карантин сабаб йўллар ёпилгач, вақтинча ишсиз қолдим. Бугун бизга 10 сотихдан ер беришди. Бу ердан унумли фойдаланиб, картошка ва сабзавот маҳсулотлари етиштирмоқчиман. Бир йил давомида шу ерда меҳнат қилсам, четга чиқиб иш излаб юришимга зарурат қолмайди.
Ҳозирга қадар туманда маҳалла фуқаролар йиғинларининг тавсияси ва ишчи гуруҳ аъзоларининг “хонадонбай” ўрганишлари асосида “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз, мигрант, ногиронлиги бор ва ижтимоий кўмакка муҳтож 273 нафар ёшга деҳқончилик учун ер ажратиб берилди.
М. Сулаймонов, ЎзА