Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги “Тожик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида "Uchkuprik vegetable business" масъулияти чекланган жамияти томонидан гидропоника усулида замонавий иссиқхона бунёд этилди.
3 гектардан зиёд майдонни эгаллаган иссиқхона қурилишига қарийб 18 миллиард сўм маблағ сарфланди.
50 нафар янги иш ўрни яратилган ушбу мажмуада йилига 400 тоннагача помидор етиштирилади. Иссиқхонада етиштирилган маҳсулотлар ички бозордан ташқари Россия, Қирғизистон ва Қозоғистонга экспорт қилинмоқда.
Гидропоника усулидаги иссиқхонада махсус унумдор ерга зарурат бўлмайди — ўсимликлар сунъий муҳитда тупроқсиз етиштирилади.
Бу ерда тежамкор энергия, томчилатиб суғориш ва озиқлантириш тизими мавжуд. Бундай иссиқхоналарда оддийларига нисбатан 2–2,5 баробар кўп ҳосилдорлик кузатилади. Помидорнинг пишиб етилиш даври 20–30 кунга қисқариши, ҳосил бериш даври эса 50–60 кунга узайиши бу усулнинг яна бир афзаллиги ҳисобланади. Инновацион технология асосида барпо этилган иссиқхонада йилига тўрт мартагача ҳосил олиш мумкин.
М. Сулаймонов, ЎзА