Учкўприк мевалари жаҳон бозорида харидоргир
Фарғона вилояти мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда етакчи бўлиб, сўнгги йилларда экспортёр корхоналар сони кўпайиб бормоқда. Қўқон шаҳрида жойлашган "Europrint" масъулияти чекланган жамиятида 400 та иш ўрни яратилган бўлиб, Учкўприк туманида унинг тасарруфида фаолият кўрсатувчи мевани табиий усулда қуритиш ва қадоқлаш корхонаси Хитой технологияси асосида жиҳозланган.
Айни пайтда 100 та иш ўрнига эга корхонада олма, олхўри, ўрик, гилос, узум, беҳи, хурмо, лимон каби 10 турдан ортиқ меваларимиз табиий усулда қуритилиб, экспорт қилинмоқда. Шу мақсадда корхона томонидан туман ҳудудида олма, гилос, узум каби интенсив боғлар барпо этилган. Ҳозирда табиий дармондориларга бой ушбу маҳсулотлар Россия, Қозоғистон, Тожикистонда, умуман олганда, МДҲ давлатларида харидоргир бўлиб улгурган.
Бугунги кунда 30 тонна олма, хурмо, лимон меваси замонавий мезонлар асосида қадоқланиб, корхона ёрлиғи остида экспортга чиқаришга тайёрлаб қўйилди.
[gallery-20470]
Экспорт кўламини кенгайтириш борасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида шу кунларда корхона бренди остида қадоқланган илк маҳсулотлар Хитой, Япониядаги савдо ҳамкорларига жўнатилди. Шу билан бирга таклиф асосида Европадаги йирик савдо тармоқларига ҳам етказиб берилди.
Шунингдек, бу ерда ички бозор эҳтиёжи учун шифобахш чойлар ҳам қадоқланиб, буюртма асосида мамлакатимиз бўйлаб етказиб берилмоқда. Жаҳон бозори талаби ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, яқин истиқболда шифобахш чойлар ҳамда доривор гиёҳлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш режалаштирилган.
– Бу ерда замонавий лаборатория ҳам ташкил этилган бўлиб, мунтазам равишда янги таъмлар яратамиз, – дейди корхона технологи Садоқат Эргашева. – Фарғона вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида фаолият олиб бораётган “Ҳудудий экспорт штаби” экспорт жараёнларида кўмаклашиб келмоқда. Штаб томонидан бозор талаб ва тартиблари ҳамда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳақида маълумотлар бериб борилмоқда. Айни жараёнда бошқарманинг Учкўприк тумани бўлими инспекторлари ҳам экспорт соҳасида жорий этилаётган халқаро талаб ва андозалар, қонунчиликдаги янгиликлар бўйича бизга амалий кўмак бериб келмоқда.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров(сурат),ЎзА