Уч юздан зиёд фуқаро ишли бўлди
Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган бўш иш ўринлари ярмаркасида вилоятдаги 341 корхона ва ташкилот 1 минг 786 бўш иш ўрни билан иштирок этди.
Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган бўш иш ўринлари ярмаркасида вилоятдаги 341 корхона ва ташкилот 1 минг 786 бўш иш ўрни билан иштирок этди.
Жиззах вилояти прокуратураси, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бу борада жойларда ташкил этилаётган бўш иш ўринлари ярмаркалари муҳим аҳамият касб этаётир.
Ярмаркада корхона ва ташкилотлар, хусусий тадбиркорлар ўз фаолиятини кўргазмалар, тарғибот воситалари орқали намойиш этди. “Jizzax plasteks” Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси, “Jizzax kenteks”, “Rus teks” масъулияти чекланган жамиятлари, “Жиззах аккумлятор”, “Жиззах пластмасса” каби йирик корхоналарнинг фаолияти иштирокчилар, айниқса, ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Меҳнат ярмаркасида 300 дан зиёд кишига ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.
– Шу йилнинг ўтган даврида вилоятда 27 бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди, – дейди вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси бандлик ва меҳнат бозори бўлими бошлиғи Акбар Файзиев. – Уларда 1 минг 894 нафар киши ишга жойлаштирилди. Ишга жойлашганларнинг 938 нафарини ёшлар, 712 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.