6 сентябрь – Халқаро кураш куни
Бундан 26 йил муқаддам, 1998 йил 6 сентябрда 28 та давлат делегатлари ташаббуси билан Тошкентда миллий қадриятимиз, халқимизга хос бўлган мардлик, жасурлик, ватанпарварлик, гуманизм ғояларини ўзида мужассам этган миллий спортимиз курашни оммалаштириш, ривожлантириш уни умумжаҳон дурдонасига айлантириш мақсадида Халқаро кураш ассоциациясига асос солинганди.
Шундан буён ушбу сана норасмий байрам сифатида нишонлаб келинган бўлса, 2017 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан 6 сентябрь "Халқаро кураш куни" сифатида белгиланди.
Ўтган йиллар давомида давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши, алоҳида эътибори натижасида кураш спорти бўйича ўнлаб жаҳон ва қитъа чемпионатлари, нуфузли турнирлар ташкил этилди.
Кураш ёзги Олимпия ўйинларининг муҳим бўғини бўлган Осиё ўйинлари дастурига киритилди.
Уч ярим минг йиллик тарих, аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бой анъаналар, замонавий кураш қоидаларида мужассамланган маҳорат сирлари барчаси курашда мужассам.
Кураш бугун Европадан Африкагача, Жанубий Америкадан Японияга қадар миллионлаб мухлислар қалбидан жой олди.
Халқаро кураш ассоциациясининг Тошкентда жойлашган қароргоҳида ушбу санага бағишланган тантанали тадбир ташкил этилди.
Унда давлат ва жамоат арбоблари, Италия, Япония, Қатар, Бирлашган Араб Амирлиги каби қатор хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, Халқаро кураш ассоциацияси, миллий кураш федерациялар раҳбарлари, Кураш бўйича жаҳон чемпионлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Байрам дастурини Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон ва Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шаҳрулла Маҳмудов табрик сўзи билан очиб берди.
Мутасаддилар курашнинг ривожланиши ва оммалашишига ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорлик билдирди.
Шундан сўнг Халқаро кураш ассоциацияси фаолиятига бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Тадбир давомида миллий спортимиз курашнинг ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ мутахассислар, спортчилар, мураббийлар «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Халқаро кураш ассоциациясининг доимий ҳамкорларига миннатдорлик сертификатлари тақдим этилди.
– Кураш ота-боболаримиздан мерос халқ ўйини эди. Мамлакатимиз мустақилликка эришиши ҳамда бир гуруҳ фидойи инсонларнинг саъй-ҳаракати билан спорт турига айланди. Унинг замонавий қонун-қоидалари ишлаб чиқилди. Байроғимиздан жило олган яшил ва кўк рангли либослари яратилди. Бугун яшил-кўк яктак кийган дунё курашчилари жаҳон спорт майдонларида соф ўзбекона иборалар ёрдамида миллий спортимизни тарғиб қилиш билан бирга Ўзбекистон байроғини, унинг шонли номини улуғлаб келмоқда. Айни ҳолат, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сўрилган «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» шиорига ҳамоҳанг эканлиги билан аҳамиятлидир, — дейди Халқаро кураш ассоциацияси матбуот хизмати раҳбари Жамшид Номозов.
Кураш байрами ёш курашчиларнинг жозибали кўргазмали чиқишлари, куй қўшиқ ва рақслар билан кўпга манзур бўлди. Байрамона кайфият, курашнинг мафтункор усуллари барчага олам-олам завқ бағишлади.
Т.Рўзиев, ЎзА