Одам савдоси жиноий фаолиятнинг ўта таҳқирловчи тури ҳисобланиб, жамиятимиз бунга қарши курашаётган бир пайтда, бу иллатнинг оғир оқибатларини била туриб жиноятга қўл урган оналар фарзандлари вояга етганидан сўнг уларнинг кўзларига қарай олармикин?
Хўш А.И.ни ўз боласини нега сотмоқчи бўлди? Нега унинг бу ниятини билган отаси уни ўз вақтида тўхтатиш чорасини кўрмай аксинча, боладан тезроқ қутилиши ҳақида маслаҳат берди?
А.И. асли Хатирчи туманида яшаса-да, ишлаш мақсадида Навоий шаҳрига келиб, кафелардан бирида ишлаб, ижарада яшаб юрарди. 2019 йилнинг ёзида бир йигит билан яқин муносабатда бўлиб, ундан ҳомиладор бўлиб қолган. Буни эшитган отаси уни уриб, қишлоқда гап-сўзга қолмаслик учун болани олдириб ташлашини талаб қилади.
Аммо аёл боласини дунёга келтирди, гап сўзлардан чўчиб, ўзи яшаётган қишлоққа қайта олмади. Шаҳарда ижарада яшаганлиги, ҳеч қаерда ишламаганлиги боис, моддий жиҳатдан қийналган А.И. боласидан қутилиш пайига тушиб қолди. У ўз боласини сотишдек жиноят йўлини танлади.
Фарзандсизликдан қийналган К.Д. ни учратгани у учун бу нохуш ҳолатдан чиқиш йўли бўлиб туюлди. К.Д. ўз боласини 25 минг АҚШ долларига сотиш ниятини билдирган А.И.га чақалоқ учун шу нархга баҳоланган икки хонали уй олиб беришини таклиф қилади.
А.И. Кармана тумани ҳудудида жойлашган “Қосим Шайх” жомеъ масжиди биноси ёнида Навоий шаҳридаги хонадоннинг кадастр ҳужжатларини олиб, эвазига вояга етмаган фарзандини К.Д.га топшираётган вақтида Навоий вилоят ИИБ ва Кармана туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида далилий ашёлар билан ушланди.
Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судида 1987 йилда туғилган, ҳали турмушга чиқмаган А.И.га нисбатан жиноят иши кўрилиб, унга нисбатан суд ҳукми ўқилди. У Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди.
Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди А.И.нинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонда эканлигини, муқаддам судланмаганлигини, маҳалла томонидан унга нисбатан берилган ижобий тавсифнома ва кафиллик хатини инобатга олиб, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш имконияти мавжуд деб ҳисоблаб, унга нисбатан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Шунингдек, унга ҳар ойда бир маротаба Хатирчи тумани ИИБдан рўйхатдан ўтиб туриш, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ва Навоий вилояти ҳудудини тарк этмаслик каби қўшимча чеклашлар юклатилди.
“Сўнгги пушаймон ўзингга душман”. Ҳар бир фуқаро ноқонуний хатти-ҳаракати учун қонун олдида жавобгардир.
Азиза Рўзиева,
Навоий вилояти суди жамоатчилик ва
ОАВлари билан алоқалар бўлими бош консультанти
ЎзА