9 май – Хотира ва қадрлаш куни олдидан Жиззах вилояти судида “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири ташкил этилди.
Унда суд фахрийлари, вилоят суди ва вилоят маъмурий судининг судьялари, суд аппарати ходимлари ҳамда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг юридик факультети талабалари иштирок этди.
Тадбирда Жиззах вилоят судининг раиси Акром Шукуров ва бошқалар сўзга чиқиб, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабага 80 йил тўлиши муносабати билан унинг юксак маънавий мазмуни, кекса авлоднинг хизматларига эҳтиром кўрсатиш, суд тизимида самарали фаолият олиб борган фидойиларнинг жамиятдаги роли ва ўрни ҳақида тўхталиб ўтишди. Бундан ташқари, бугунги кунда суд органларининг фаолиятида шаффофлик, одиллик ва касбий етукликни таъминлашда бундай учрашувлар муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, тадбирга таклиф этилган суд фахрийлари тизимда изчил фаолият олиб бораётган ҳамкасблари ва бўлажак судьяларга адолат, қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш йўлида тўплаган тажрибалари ҳақида сўзлаб, ҳаётий воқеаларни ҳикоя қилиб беришди. Айниқса, судья касбига ҳурмат, масъулият ва ҳалоллик асосий мезон бўлиши борасидаги ўгитлар иштирокчилар учун ўзига хос сабоқ ролини ўтади.
Тадбир доирасида кўп йиллик самарали меҳнати, юксак малака ва касбий тажриба, бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлганлиги, суд органларининг мустақиллигини мустаҳкамлаш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва жамиятда одил судловни таъминлаш борасидаги фидокорона меҳнатлари учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тегишли буйруғига асосан суд фахрийси Умсун Астанова “Бенуқсон хизмати учун” кўкрак нишони билан тақдирланди. Ушбу мукофотни Умсун онага Жиззах вилоят суди раиси Акром Шукуров тантанали равишда топширди.
Суд фахрийларига ҳам вилоят судининг Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан эсдалик совғалари топширилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари