“Уч авлод учрашуви”да устоз журналистлардан “мастер класс”
Навой шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий Уюшмаси вилояти бўлими ҳамкорлигида 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан “Уч авлод учрашуви” тадбири ўтказилди.
Навоийлик кекса журналистлар ҳамда соҳага қизиқувчи ёшлар иштирок этган учрашувда агентлик Ахборот хизмати раҳбари Ғулом Султонов устоз журналистларни байрам билан муборакбод этиб, “Ёшлар маркази”да “Ёш журналистлар клуби” ташкил этилгани ҳамда 500 нафар ёш орасидан 50 нафар иқтидор эгалари танланиб олинганлиги, эндиликда ёш журналистларни тарбиялашда устоз журналистларнинг кўрсатма ва ўгитлари беқиёс аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон матбуоти ва журналистикаси тарихида Навоий вилояти ижод мактабининг алоҳида ўрни бор. Хусусан, бугунги “Кармана овози” газетасининг чоп этила бошланганига жорий йилда 90 йил тўлди. Ушбу нашр, қолаверса, қарийб 40 йиллик тарихга эга “Дўстлик байроғи” ҳамда “Знамя дружбы” газеталари мамлакатимиз матбуоти учун забардаст ижодкорлар етказиб беришда етакчи нашрлар саналади.

– Албатта, бу жараёнлар ўз-ўзидан амалга ошмаган, бундай натижалар улкан салоҳият, машаққат ва меҳнат талаб этгани аниқ, – дейди Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси Отабек Аслонов. – Энг муҳими, ана шундай босқичларни босиб ўтган забардаст ижодкорлар бугунги кунда ҳам сизу-биз билан замондош. Уларнинг тажрибаси ва ҳаёт йўлини ўрганиш эса муҳим.
Тадбирда 40 йил матбуот соҳасида фаолият олиб бориб, 30 йил давомида “Кармана овози” газетасига муҳаррирлик қилган Эргаш Ёқубов, қарийб 40 йилдан буён соҳада ишлаб келаётган, бугунги кунда “Саломатлик” газетаси муҳаррири Иброҳим Жумаев, “Навоий зиёси” газетасининг кекса мухбири Олим Хўжаев, “Янги Ўзбекистон” ҳамда “Правда востока” газеталарининг вилоятдаги мухбири, тажрибали журналист Дилфуза Гулямова журналистика борасида ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
– Бир вақтлар икки сатр сўз учун кўплаб талантли журналистлар ишдан четлатилган, бугунги кунда эса ахборот тарқатишда ҳеч қандай тўсиқ йўқ, – дейди Эргаш Ёқубов. – Бу имкониятдан, айниқса, ёшлар унумли фойдаланиши керак. Журналистикада энг муҳим жиҳат эса ҳалоллик ва холисликдир. Ана шу қоидага қатъий амал қилинса, ҳеч бир ҳаракат зое кетмайди.
Тадбирда ёшлар сўз эркинлиги ва цензура масалалари, хусусий телеканалларда намойиш этилаётган айрим маиший кўрсатувлар ҳақида фикр-мулоҳаза билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларга устоз журналистлардан атрофлича жавоблар олди.
Ижодий учрашув якунида устозларга ёшлар томонидан китоблар жамланмалари совға қилинди.
Абдували Бўриев, ЎзА