У ўзбекча яшаб, ўзбекдек ёзди
Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнберг таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳридаги шоир яшаган хонадонга ўрнатилган ёдгорлик лавҳининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Хотира
Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнберг таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳридаги шоир яшаган хонадонга ўрнатилган ёдгорлик лавҳининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган тадбирда фан ва маданият ходимлари, фахрий ижодкорлар, ёзувчи-шоирлар, ёш қаламкашлар, Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчилари, шоирнинг рафиқаси ва яқин қариндошлари иштирок этди.
Шоир Рустам Мусурмон, Ўзбекистон Бадиий академияси илмий котиби Феруза Обиджонова ва бошқалар ижодкор ҳаёт йўли, ижодий маҳорати ҳақида гапирди. Шеърларидан намуналар келтириш билан шоир ҳаёт йўлига назар ташланди.

Ватан
Куёшли, тўртбурчак далалардан то
Тизма тоғларгача чўзилган Ватан –
Йўлларнинг гирдида бўлиб гиргиттон
Гумбаздек тераклар турарлар қатор.
Далаларни кездим қадамма-қадам,
Теодолит кўтариб, ўлчадим таноб.
Лойсувоқ уйларда симирдим чалоб,
Эшиксиз ҳовлилар очиқдир мудом.
Мушфиқ юрт. Шу ерда наслу насабим –
Ўзбекистондадир хоким, туробим.
Ҳой, Европа! Мени тинглайсан сен ҳам.
Мағрур парвоз этар бургут фалакда.
Ўт тишладим. Лабда шўр кўз ёш. Бу дам
Ҳам дардни, ҳам бахтни туйдим юракда.
Кечанинг бадиий қисми Ўзбекистон давлат академик рус драма театрида давом этди. Тадбирда шоир ҳаёт йўли ва ижоди акс эттирилган фильм намойиш этилди.
– Александр Файнберг забардаст шоир, заҳматкаш ижодкор ва самимий инсон эди, –деди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али. – У кибрга берилмади, умри давомида ҳалол ва пок яшади. Уйимизда адабий гурунглар уюштирардик, таржима машаққати ҳақида кўп суҳбатлашардик. У яқин дўстим эди. Унга Саша, деб мурожаат қилардим. Мени эса қадрдоним, дерди. У Тошкентни севарди, ўзбекларни қадрларди. Унинг шеърларида янги топилмалар, ўзгача ўхшатишлар, такрорланмас нафислик бор.

Дарвоқе, Александр Файнберг оддий шоир эмас, мисраларига фалсафийлик учқунларини сингдира олган файласуф шоир эди. Тадбирда унинг шеърларидан намуналар ўқилди, таниқли хонандалар томонидан қўшиқ қилиб куйланди. Унинг таржима маҳоратига алоҳида тўхталиб, ҳазрат Алишер Навоий ғазалларидан тортиб, фалсафий шоир Асқад Мухтор, Жуманиёз Жабборов, ўзбек замонавий шеъриятининг вакиллари – Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Усмон Азим, Сирожиддин Саййид ва Азим Суюн шеърларини маҳорат билан рус тилига таржима қилгани таъкидланди.
–Саша акам жуда масъулиятли ва киришимли эди, –деди турмуш ўртоғи Инна Глибова. – Бир ишни бошладими, уни охирига етказишга ҳаракат қиларди. Тартибни, хушмуомилаликни яхши кўрарди. Ўзи ҳам дид билан кийинарди. Меҳрибон ва эътиборли эди. Оддий нарсалардан ҳам хурсанд бўлиб, боши осмонга етарди. Аниқ эслайман, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг қўлидан Ўзбекистон халқ шоири унвонини олганида роса суюнганди. Тўлқинланиб янги асарлар ёзишга киришиб кетганди. У билан ҳаёт йўлимни боғлаганимдан мамнунман.

“Пешонамга битилган бахтим бор экан, – деб ёзган эди Александр Файнберг. – Мен мустақил Ўзбекистонда яшайман. Ўз умрим давомида миллий камситишни ҳеч қачон ҳис этмаганман. Адабиёт йўлида менга ўзбек ёзувчилари жуда кўп бора ёрдам беришди. Бутун ижодим давомида Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва кўпдан-кўп ёзувчилар, рассомлар, мусиқачилар, бошқа турли касб эгаларининг яхшиликларидан баҳраманд бўлиб келмоқдаман...”
Шоирнинг ижоди сермаҳсул ва кенг кўламли. Унинг шеърларида ранг-баранглик, фалсафийлик, теранлик, туйғулар тиниқлиги ярқираб туради. Шоир сўзни чуқур ҳис этади, бу ҳисга ўқувчини ҳам ҳамроҳ қилади. Бу юртнинг ҳавоси, осмони, тупроғи, эли, бир сўз билан айтганда, бутун борлиғи шоирга шеър қадар, қалб қадар азиз эди. Бу шоир сатрларининг, асарларининг ҳароратида бор бўйи билан кўринади, бўйлари нафасимизга урилади.