Интернет манбаларида эълон қилинган маълумотларга кўра, туяқуш парваришлаш ва уни кўпайтириш кўп жиҳатдан фойда келтиради, яъни сердаромад йўналиш. Унинг тухуми, гўшти, ҳатто тирноғи ва патлари ҳам даромад манбаи экан. Албатта, бу қанчалик ҳақиқатга яқин буни мазкур йўналишда фаолият юритганлар билади. Бундай дейишимга сабаб бир неча йиллар олдин ҳам мамлакатимизда туяқушчилик билан шуғулланувчилар сафи кенгайиб қолган эди, лекин кейин негадир узоққа чўзилмади. Майли бу ёғи алоҳида мавзу.
Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз Қашқадарё вилоят Касби тумани Шакаржўй маҳалласида истиқомат қилувчи Давронқул Эботов эса туяқушларнинг даромад келтиришидан кўра, кўпроқ парранда сифатида унинг улкан кўринишига шайдо.
– Ижтимоий тармоқларда туяқуш боқиш сирлари ҳақида кўриб қолдим ва менда ҳам бунга қизиқиш уйғонди, - дейди Давронқул ака. – Кейин қаердан топиш мумкинлигини суриштирдим. Тошкент вилояти ва Бухоро вилоятларидан жами 10 та жўжасидан олиб келдим. Улар кун сайин улғайиб бормоқда. Ҳатто тасаввуримдагидан ҳам тезроқ. Келганда бўйи 70-80 сантиметр эди. Ҳозир эса бўйнини чўзса 2 метрдан ошади. Келганига 3-4 ой бўлди холос. Ҳовлимиз зоопаркка айланиб қолди, рости. Уйимизга мактаб яқин, ўқувчилар кунда кунора томошага келади. Аслида шундан завқланаман.
[gallery-23477]
Фақат завқланишнинг ўзи етарли эмас. Бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак деганларидек туяқушларга ҳам гавдасига яраша емиш керак. Давронқул ака бошланишига бу ишни қизиқишга бошлаган бўлсада, эндиликда уларни кўпайтириш, бунинг учун эса ем хашак жамғариш лозимлиги ҳақида бош қотиряпти. Чунки айни пайтда улар кунига 20-21 килограмм буғдой емоқда.
– Очиғи бошида парваришлай оламанми, йўқми, дея таваккал қилиб, ишни бошлаган эдим, - дейди Д.Эботов. – Қўй шунча пулга қўчқор ёки буқа олиб боқсанг бўлмайдими, деганлар ҳам бўлди. Лекин ундан, бундан сўраб, парваришлаш сирларини секин-аста ўрганиб боряпмиз. Шукр натижалар ёмон эмас. Энди уларни кўпайтириш, қулай шароитлар қилиш, озуқа базасини яратиш ҳақида ўйлаяпмиз. Шу мақсадда беш гектар ер сўраб, туман ҳокимига бордим. Хайрият ҳоким бува қуруқ қайтармади. Ер беришга ваъда берди. Насиб этса ерни олсак, мўлжалдаги режаларни амалга ошира бошлаймиз. Энди ортга йўл йўқ.
Албатта, катта-катта бизнеслар ҳам мана шундай кичик таваккалчиликдан бошланади. Чин дилдан қилинган меҳнат эса самарасиз қолмайди. 10 та туяқуш билан бошланган тадбиркорлик кун келиб туяқушчилик фермасига айланиб кетса ажабмас. Тўғри, бу ҳозирча хаёлий орзу, лекин Давронқул Эботов орзуларини ҳақиқатга айлантиришда давом этмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари