Жиззах вилоятининг Арнасой туманида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилган фирибгар пора билан қўлга тушди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Арнасой туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда арнасойлик Олғирхан Ўтирбаев (мақоладаги персонажларнинг исми-шарифи ўзгартирилган) аввалдан таниш бўлган фуқарога, юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун бўлиб ўтадиган ўқув-машғулотларига қатнашмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилади. Бунинг эвазига ундан 11 миллион сўм сўраган. Пулларни олган вақтида Ўтирбаев ашёвий далиллар билан қўлга тушди.
Доно халқимиз, туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр, деб бежизга айтмаган. Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган коррупцияга қарши кураш шамоли не-не “туялар”ни учириб юбораётганида, Олғирхандек “эчкилар”ни бу шамолнинг зўрлигидан осмон фалакда “боз барак”дек пирпираб учиб кетиши ҳеч гап эмаслигини, наҳотки унга ўхшаганлар тушунмаяпти.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
А.Қаюмов, ЎзА.